ХАЙДОВЧИ БИЛАН МОДДИЙ ЖАВОБГАРЛИК ШАРТНОМАСИ ТУЗИЛМАГАН БЎЛСА ҲАМ, ЗАРАР УЧУН ТЎЛИҚ ЖАВОБ БЕРАДИМИ?
САВОЛ.
Юк ташиш билан шугулланувчи МЧЖ хайдовчиларга автомашина ва юк берилади. Бунда юк ва автомашинанига етказилган зарарга жавобгарлик бўлиши учун нима қилиш керак? Ушбу ҳолатда МКнинг 343 моддаси 4-қисмига кўра хайдовчи бевосита мулк яни МЧЖ балансида бўлган юк автомашинаси билан муомала қилади шунга кўра хайдовчи билан якка тартибда тўлиқ моддий жавобгарлик шартномаси тузиш мумкинми? Бироқ, истисно қилувчи холат сифатида 3452-сонли буйруқнинг иловасида ҳайдовчилар киритилмаган. Шунга маслахат берсангиз қандай қилиб хайдовчини юк ташувчи автомашинага ва юкка моддий жавобгар қилса бўлади?
ЖАВОБ.
Тўғри, Адлия вазирлиги томонидан 2023 йил 21 августда 3452-сон билан давлат рўйҳатидан ўтказилган “Тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида ўзи билан ёзма шартномалар тузилиши мумкин бўлган ходимлар эгаллайдиган лавозимлар ва ишларнинг намунавий рўйхати”да автотранспорт ҳайдовчилари ва шофёрлар кўрсатилмаган.
Лекин бу агар хайдовчилар билан тўлиқ моддий жавобгарлик шартномаси тузилмаган бўлса, иш берувчига етказган зарар учун улар тўлиқ миқдорда жавоб бермайди дегани эмас.
Чунки, ходимларнинг тўлиқ моддий жавобгарлиги фақатгина тўлиқ моддий жавобгарлик шартномалари асосида юзага келмайди.
МК 342-моддасига қарасангиз, жами 8 та ҳолатда ходимларнинг иш берувчига етказилган зарар учун тўлиқ миқдорда жавобгар бўлиши кўрсатиб ўтилган. Шундан биринчиси, ходимнинг тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома асосида унга ишониб топширилган қимматликлар бўйича камомадга йўл қўйса, бу камомад учун тўлиқ миқдорда жавоб бериши белгиланган.
Бундан ташқари, МК 342-моддаси биринчи қисмида яна 7 та ҳолат бор ва буларга кўра ходим билан тўлиқ моддий жавобгарлик шартномаси тузилмаган ҳолатларда ҳам зарар учун ходим тўлиқ миқдордаги жавобгар бўлади.
Масалан, ходим бир марталик ҳужжат (товар-моддий қимматликларни олиш ишончномаси, қабул қилиш-топшириш далолатномаси ва ҳоказолар) бўйича олинган бойликларни бут сақламаса, иш берувчига қасддан зарар етказса, алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик моддадан маст ҳолатда зарар етказса, суд томонидан аниқланган жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида зарар етказган бўлса, шунингдек, меҳнат мажбуриятларини бажармаган ҳолда зарар етказган бўлса, бу зарарни қоплашда тўлиқ миқдорда жавоб беради. Яъни, юқоридаги ҳолатларда тўлиқ моддий жавобгарлик шартномаси тузилмаган бўлса ҳам, ходим иш берувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплайди.
МК 342-моддадан олинган юқорида келтирилган ҳолатларнинг қайси бири сиз айтаётган МЧЖдаги хайдовчиларга тўғри келиши мумкинлигини бир ўйлаб кўринг. Маълум вазиятларда деярли барчаси тўғри келиши мумкин, тўғрими? Масалан, ўзига бириктирилган транспорт воситасига меҳнат қонунчилиги, меҳнат шартномаси ёки лавозим-йўриқномасида кўрсатилган мажбуриятларни бажармаган ҳолда зарар етказган бўлса, хайдовчи барибир тўлиқ жавобгар бўлади. Сабаби, меҳнат мажбуриятларини бажармаганлиги натижасида келиб чиққан зарар учун тўлиқ жавобгарлик 342-модда биринчи қисм 8-бандида кўрсатилган. Ёки, ҳайдовчига топширилган юкдан камомад чиққан бўлса ҳам, хайдовчи зарарни тўлиқ қоплайди. Негаки, юқорида айтганимиздек, бир марталик ҳужжат (масалан ишончнома) бўйича олинган бойликларни бут сақламаганлик учун ходимнинг тўлиқ моддий жавобгар бўлиши МК 342-модда биринчи қисмининг 2-бандида кўрсатилган. Ва ҳоказо.