МК 401-МОДДАСИДАГИ 4 КУНЛИК ТАЪТИЛНИ ҚЎШИБ, 8 КУН ҚИЛИБ БЕРСА БЎЛАДИМИ?
САВОЛ.
Ассалому алайкум устоз. Хозир 400 -405 моддаларни мухокамасини каналингизда курдим. 401 моддага асосан, 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боланинг ёки 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг ота-онасидан бирига (ота-она ўрнини босувчи шахсга) ҳар йили давомийлиги камида 4 календарь кун бўлган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади. Бу айрим уддабурон ходимларга мехнат таьтилидан ташкари кушимча таьтил хисобланади. Агар иш йили 2023 йил 26 ноябрдан 2024 йил 24 ноябргача булган ходим бугун келиб муроджат килса. Менга 2022-2023 иш йилим учун 22 ноябрдан 4 Кун ва 2023 -2024 иш йилим учун 26 ноябрдан 4 кун беринг деб мурожат килса. Барча 8 календар кунига хак туланадиган таьтил берамизми?
ЖАВОБ.
Мантиқли савол, лекин сиз айтган вазиятда ҳаммаси иш берувчининг ўзига боғлиқ деб ўйлайман.
МК 401-моддаси 1-қисмини сиз саволингизда кўрсатиб ўтдингиз, биз бу модданинг иккинчи қисмидаги мана бу қоидага эътибор қаратайлик:
➖ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган таътил йиллик меҳнат таътилига қўшиб берилиши ёки иш берувчи билан келишиб белгиланадиган даврда ушбу таътилдан алоҳида (тўлиқ ёхуд қисмларга бўлиб), лекин фақат тегишли иш йили давомида фойдаланилиши мумкин.
Яъни, МК 401-модданинг 1-қисмида кўрсатилган 4 кунлик қўшимча таътилни беришнинг 3 та муҳим талаби бор экан: биринчиси, бу таътил ҳар йилги меҳнат таътилига қўшилган ҳолда берилиши мумкин; иккинчиси, бу таътил агар иш берувчи билан келишилса (яъни иш берувчи рози бўлса), алоҳида ҳолатда ҳам берилиши мумкин; учинчиси, бу бу таътилдан фақатгина ходимнинг тегишли иш йилидагина фойдаланиш мумкин.
Айтмоқчи бўлганим, айни сиз келтирган вазиятда бирданига 2 та 4 кунлик қўшимча таътилни қўшиб берилишига йўл қўйиш-қўймаслик иш берувчининг ўзига боғлиқ. Сабаби, биринчи талаб айтганимиздек, бу таътилни энг аввало ходимнинг ҳар йилги меҳнат таътилига қўшиб берилишидир.
Агар ходим 2022 йил 26 ноябрдан 2023 йил 25 ноябргача бўлган иш йили учун меҳнат таътилидан жорий ноябрь ойига қадар фойдаланиб бўлган бўлса, бу йил учун олинмаган 4 кунлик қўшимча таътилни ҳозир олиши мумкин. Бу бор гап.
Савол: ходим навбатдаги иш йили, яъни 2023 йил 26 ноябрдан 2024 йил 25 ноябргача бўлган иш йили учун меҳнат таътилини қачон олади? МК 228-моддасига асосан 2024 йил давомида ҳар йилги меҳнат таътилини бериш жадвалига мувофиқ, тўғрими? Бу эса ўз-ўзидан навбатдаги меҳнат таътили амалий жиҳатдан 2024 йилга ўтиб берилади дегани.
Шундай экан, 2023-2024 йил учун МК 401-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган 4 кунлик қўшимча таътил таътил жадвалига мувофиқ 2024 йилнинг қайсидир ойида ҳар йилги меҳнат таътили берилаётганда, унга қўшиб берилади десак тўғри бўлади. Мана шу томондан олиб қараганда, иш берувчи чегараси ўзаро кесишган иккита иш йили учун иккита 4 кунлик қўшимча таътилни ўзаро қўшиб, 8 кун қилиб берилишига рози бўлмаслиги мумкин.
Лекин агар иш берувчи ходимнинг ушбу 4 кунлик қўшимча таътилни меҳнат таътилидан алоҳида тарзда олдиндан фойдаланиш ҳақидаги аризасига келишса ва рози бўлса, унда ҳеч қандай муаммо йўқ. Иш йилининг исталган вақтида бериши мумкин.
Шу ўринда эслатма, ходим ҳар йилги меҳнат таътилига чиққан пайтда МК 401-моддасида кўрсатилган 4 кунлик қўшимча таътилдан турли сабабларга кўра фойдалана олмаганда, жорий иш йили тугугунига қадар бу таътилдан алоҳида тарзда фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолларда, иш берувчи ходимнинг қўшимча таътилдан алоҳида тарзда фойдаланиш ҳақидаги талабини рад эта олмайди.