103 ko'rilgan
⁉️ Қимор ўйнаш ёки реклама қилиш учун қандай жавобгарлик бор?

     2007 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни (шу жумладан тотализаторлар) ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда пул ютуғига эга бўлган ўйин автоматларини олиб кириш тақиқланган.

     Қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш ҳолатлари аниқланган тақдирда ўйин анжомлари, ўйин автоматлари, ўйинда ставка ва ютуқ бўлган бойликлар, шунингдек бундай ўйинларда қатнашиш натижасида олинган бошқа даромад белгиланган тартибда олиб қўйилади ва давлат даромадига ўтказилади.

     Ўзбекистон ҳудудида қимор ёки таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

     Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш – ана шу ўйинлар буюмларини, шунингдек ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни мусодара қилиб, БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

     Жиноят кодексига кўра, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш, шу жумладан ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этиш ёки уларни сақлаш – 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

     Вояга етмаган шахсни қимор ўйинларига жалб қилиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, - БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

     Қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ёки ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш, тегишли дастурий таъминотдан нусха кўпайтириш, уни кўпайтириш, тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

     ⁉️ Қимор ўйнаётганларни кўрганда кимга мурожаат қилиш керак?

     Фуқаролар қимор ўйнашга тарғиб қилинаётган, ташкил этилаётган ёки ўтказилаётган ҳолатларга дуч келганда, ҳудудлардаги ички ишлар ходимларига мурожаат қилишлари лозим.

     Бунинг учун Ички ишлар вазирлигига шахсан ташриф буюриш, 102 ёки 1102 қисқа рақамли ишонч телефонларига қўнғироқ қилиш ёки info@ivv.uz электрон почтаси орқали мурожаат қилиш мумкин.

     Эслатма!!! Фуқаролар ва юридик шахсларнинг таваккалчиликка асосланган қимор ёки гаров ўйинлар (қимор ва бас бойлаш) уюштириш ёки уларда иштирок этиш билан боғлиқ талаблари судда ҳимоя қилинмайди.

     Қимор ёки гаров ўйинлари алдов, зўравонлик, таҳдид қилиш таъсирида ёхуд ўз вакилининг қимор ёки гаров ўйинлари ташкилотчиси билан ғаразли келишуви туфайли иштирок этган шахсларнинг талаблари бундан мустасно.
Bu mavzu Sud va huquqiy maslaxatlatlar bo'limida 26 Noy, 23 da maqola yozgan. | 103 ko'rilgan