Кембриж университети олимлари каламушларда ўтказилган тажрибалар орқали мия ҳужайраларининг қаришининг олдини олиш борасида катта натижалар олинганини маълум қилмоқда. Бу ҳақдаги мақола август ойида Nature журналида чоп этилган. Унда айтилишича, вақт ўтиши билан бошқа мушаклар сингари мия ҳам қаттиқлашиб борар экан ва бунинг натижасида мия ҳужайралари ҳам қотиб, ишга ярамай қолиши кузатилар экан. Кузатув ва тажрибалар орқали олинган билимлар асосида Кембриж олимлари «қариган» мия ҳужайраларини ёшартиришга муваффақ бўлган.
Олинган натижалар асосида олимлар инсон мияси билан боғлиқ касалликларни даволашда янги йўналишлар ва даволаш усулларини ишлаб чиқишни режа қилган.
Ҳаммамизга аёнки, одам қаригани сари мушак ва тўқималар қаттиқлашиб боради ва натижада кишининг хатти-ҳаракати ҳам қийинлашиб боради. Кембриж университетига қарашли Мия ҳужайралари Институти (Wellcome-MRC) олимлари мия ҳам бундан мустасно эмаслигини кўрсатиб берган. Бунинг учун улар ёш ва қари каламушларнинг миясини ўрганиб, йиғилган маълумотларни таҳлил қилиб чиққан. Бунинг моҳиятида ёш улғайиши асносида олигодендроцит ҳужайраларининг қандай ўзгаришларга юз тутишишни тадқиқ қилиш масаласи ётади.
Олигодендроцитлар нормал мия фаолиятини таъминлаш учун ўта муҳим ҳужайралар бўлиб, асосий вазифаси асаб толаларини ўраб турадиган миелин қобиғини ишлаб чиқаришдан иборат бўлади. Тарқоқ склероз хасталигида айнан шу миелин қобиғи зарарланган бўлади. Албатта, қари одамлардаги склерозда ҳам миелин қобиғи зарарланиши кузатилади; лекин мутлақо соғлом одамларда ҳам ёш ўтган сари олигодендроцитларнинг функцияси сусайиши рўй беради.
Тадқиқотчилар қари каламушларнинг миясидаги шундай ҳужайраларни кўчириб, ёш каламушлар миясига ўтказган. Жараёнда маълум бўлишича, бунда қари олигодендроцитлар янги ёш мияда яна қайта жонланиб, фаол ишлай бошлаган. Кейинги босқичда олимлар каламуш миясининг турли ёшдаги қаттиқлик кўрсаткичларига мослаб тайёрланган материалларга олигодендроцитларни жойлаштириб, ўзини қандай тутишини кузатди. Миянинг қаттиқ ва юмшоқлиги ушбу ҳужайраларга қандай таъсир кўрсатишини аниқлаш учун тадқиқотчилар Piezo1 номли оқсилни кузатишган. Маълум бўлишича, олигодендроцитларга атрофдаги мия моддасининг қаттиқ ёки юмшоқ экани ҳақида маълумот етказишни айнан шу оқсил бажарар экан.
Илмий гуруҳ раҳбарларидан бири доктор Кевин Чалут бу ҳақда шундай деган: «Биз ёш каламушнинг мия олигодендроцитларини қари каламушнинг қотган миясига кўчириб ўткизганимизда улар регенерациядан тўхтаб қолгани ва амалда қари ҳужайралар сингари ишлай бошлаганини кўриб ҳайратга тушдик. Айниқса қари ҳужайралар ёш мияга кўчирилганидан кейин ўзини қандай тутганини кузатиш қизиқ бўлди. Улар худди ёш ҳужайраларнинг ўзи билан бир хил ишлай бошлади. Бошқача айтганда, улар ёшариб қолди!»
Ундан ҳам қизиқ ҳолат Piezo1 оқсили билан рўй берган. Лойиҳа раҳбарларидан яна бири – профессор Робин Франклин маълум қилишича, олимлар қари олигодендроцитлардан Piezo1 оқсилини олиб ташлашгач, улар гўёки мазкур ҳужайраларни «алдашга» эришган. Яъни қари олигодендроцитлар ўзи жойлашган миянинг қаттиқ ёки юмшоқ эканини била олмай қолган ва натижада ўзи турган мияни юмшоқ ёш мия деб қабул қилган. Оқибатда ушбу ҳужайралар фаоллашган. Бундан эса қари каламушнинг асаб тизими ёш каламушники сингари ишлай бошлаган. Бошқача айтганда, унинг мияси ёшарган ва ўзининг регенератив функциясини тиклаган.
Тадқиқотни молиялаштирган ташкилотлардан бири – Англия тарқоқ склерозни тадқиқ қилиш жамияти директори Сьюзан Колхаас эса, ўз навбатида, бу илмий ютуқлар яқин орада тиббиётда склерозни даволашда кутилган самарани бериши мумкинлиги ва у мия фаолияти бузилишларидан кейин унинг нормал иш фаолиятини тиклаш имконини беришига умид билдирган.
Кембриж олимларининг бу тадқиқотларини Европа илмий тадқиқотлар кенгаши (the European Research Council), Тарқоқ склероз жамияти (MS Socety), Биотехнологиялар ва биология тадқиқотлари кенгаши, Адельсон тиббиёт тадқиқотлари жамғармаси ҳамда Тиббиёт тадқиқотлари кенгаши томонидан молиялаштирилган.
Манба:
Daryo.uz