ХОДИМ БОШҚА ИШГА ЎТИШГА РОЗИЛИК БЕРГАН, ЛЕКИН КЕЛИШУВГА ИМЗО ҚЎЙМАЯПТИ.
САВОЛ.
Ассалому алайкум! Ходим томонидан бошка лавозимга утиш буйича ёзма розилик хати иш берувчига ёзиб берилгандан сунг уша ходим бошга лавозимга утиш тугрисидаги кушимча келишувга имзо чикишдан бош тортса розилик хати хукукий асослантирувчи хуждат сифатида кабул килинадими?
Жавоб учун олдиндан рахмат.
ЖАВОБ.
Савол мазмунидан гап ходимни доимий равишда бошқа ишга ўтказиш ҳақида кетаётгани кўриниб турибди.
Тўғри, Меҳнат кодексининг 140-моддаси биринчи қисмида "ходимни бошқа ишга доимий ўтказишга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади" дейилган.
Бироқ, бу ходимни доимий бошқа ишга ўтказишдаги ягона қоида эмас, бошқа қоидалар ҳам бор Меҳнат кодексида.
Жумладан, ушбу Кодекснинг 149-моддаси иккинчи қисмига кўра, "ходимни доимий бошқа ишга ўтказиш тўғрисида, ... ҳақида буйруқлар чиқариш учун меҳнат шартномасига киритилган ўзгартишлар асос бўлади".
Яъни ҳар қандай ҳолатда ҳам ходимни бир ишдан бошқа бир ишга доимий равишда ўтказар экансиз, буйруқ чиқаришдан аввал ходим билан тузилган меҳнат шартномасига ўзгартириш киритишга мажбурсиз. Бундай ўзгартириш эса икки томонлама тузиладиган алоҳида келишув билан расмийлаштирилади ва унга ходим имзо қўймаса, келишув тузилмаган ҳисобланади.
Ақтмоқчи бўлганим, ходимдан шунчаки розилик аризаси олинганининг ўзи етарли бўлмайди.
Бу дегани, доимий бошқа ишга ўтказиш ҳақидаги меҳнат шартномасига ўзгартириш ҳақидаги келишувга ходим имзо қўймаса, уни доимий бошқа ишга ўтказиш ҳақида буйруқ чиқара олмайсиз.
Кейин, дўстим, ходим келишувга имзо қўймаяптими, демак, у ўша сиз айтган бошқа ишга ўтишга рози эмасда.