Туя сутидан даво сифатида фойдаланиш усуллари.
Туя сутини даво сифатида ишлатиш усуллари ҳақида гапиришдан олдин, келинг, авваламбор азиз китобхонларимизга бадавийларнинг бу қимматбаҳо неъматга бўлган муносабатлари ҳақида бироз маълумот берайлик. Бадавийлар дунё халқлари орасида туя сутидан энг кўп фойдаланадиган кишилар ҳисобланади. Уларда «туя сути киради, аммо унга кириб бўлмайди» деган нақл бор. Бунинг маъноси шуки, туя сути бўлган жойда бошқа озиқ-овқатларга ҳожат йўқ. Бадавийларда туя сути ҳақида бир мақол бор: “Туя сути чанқоғни босиб, очликни кетказади”.
Бундан ташқари улар бу сутни “очликни қондиради, ташналикни синдиради ва танани озуқа билан таъминлайди” деб сифатлайдилар, чунки туя сути сув ва бошқа барча озиқ-овқатлар ўрнини боса олади. Ҳар қачон улар сутни бировга узатсалар, улар “сутни ич ва ўзингни хавфдан сақлаб ол” деб айтишади. Араблар туя сутидан кўпгина дардларга даво сифатида фойдаланишган, масалан, чечак касаллиги, яралар, тиш оғриқлари, овқат ҳазм қилиш тизими хасталикларига қарши. Туя сутидан ҳатто турли хил заҳарларга қарши восита сифатида ҳам фойдаланишган. Даволаниш учун энг яхши сут – бу янги туққан туянинг 40 кун давомида келадиган сутидир; бунда сут оппоқ, хушбўй, хуштаъм, бироз ширин ва ўртача суюқликда бўлиши мақул; яхши жойларда ўтлаган ва яхши сувларни ичган мутаносиб тузилишга эга туя сути бўлса ҳам жуда яхшидир. Юқорида хадиси шарифларда туя сутининг баъзи бир касалликларни даволашдаги аҳамияти ҳақида гапириб ўтган эдик.
Араблар “Туя сути - дардларга дармон” деб айтишади. Туя сути қонни янгиланишига яхшигина ёрдам беради, қуруқ баданларга рутубат бахш этади, вос-вос, ғам-андуҳ ва руҳий зарбалардан фориғ этади. Агар уни асал билан бирга ичса, у ички яраларни йирингли элементлардан тозалайди. Агар унга шакар қўшиб ичилса, у тери рангини очади ва терини тозалайди. Туя сути кўкрак касалликлари, хусусан зотилжамга қарши яхши даво ҳисобланади. Сил касаллиги билан хасталанган беморларга ҳам у яхши фойда қилади. Туя сути ҳақида Ар-Рози шундай дейди: “Янги туққан туянинг сути буйрак хасталикларини даволайди ва ёмон кайфиятдан халос этади”. Ибн Сино ўзининг “Ал-Қонун” китобида: “Дарҳақиқатки, урғочи туяларнинг сути фойдали дармондур, чунки унда равшанлик ва ўзига хос хусусиятлар мавжуд.
Бу сут жуда фойдали бўлиб, агарда киши уни озуқа ва сув ўрнида истеъмол қилса, у шифо топғусидур. Буни араб мамлакатига келган бир гуруҳ одамлар ўзларида синаб кўрганлар: улар араб ерларига келиб қолганида зарурият уларни шундай қилишга мажбур этди ва шундай қилиб улар даво топишди”. Туя сутидан даво сифатида фойдаланган бемор ёлғиз туя сутини тушликка тановул қилиши мақул ва шундан сўнг дам олиши лозим. Янги соғилган туя сути овқат ҳазм қилиш тизимини тозаловчи энг зўр восита ва энг яхши сурги дори ҳисобланади.