Китоб мутолаа қилиш нафақат ақлан заифлашишнинг олдини олади, балки умрингизни ҳам узайтиради. Йел университети тадқиқотчилари бу борада илмий изланиш олиб бориб, ана шундай хулосага келишди. Бу ҳақида newser нашри маълум қилди.
Тадқиқотчилар 50 ёшдан ошган 3 635 кишини мутолаага бўлган қизиқиши борасида сўроқ қилиб, уларни 12 йил давомида кузатишган. Олимларнинг сўзларига кўра, бир ҳафтада 3,5 соат ёки бир кунда ўртача 30 дақиқа китоб ўқиш ўлим хавфини 17 фоизга қисқартирган.
Ҳафтасига 3,5 соатдан кўп китоб мутолаа қилувчилар учун эса ўлим хавфи 23 фоизга қисқариши маълум бўлди. Тадқиқотчиларнинг фикрича, китоблар "билим кўникмалари"ни ошириш билан бир қаторда "ҳамдардлик, ижтимоий идрок ва ҳиссий интеллектни ривожлантириш"га хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, инсоннинг яшовчанлик хусусиятини оширади.
Газета ва журналларни мутолаа қилувчи кишилар ҳам умуман ўқимайдиганларга нисбатан кўпроқ яшашар экан. Бироқ уларнинг натижалари китоб ўқийдиганларникидан бироз камроқ бўлган.
"Китоблар ўқувчиларга фойдали маълумотларни етказади (газеталарга нисбатан) ва шунга мувофиқ, уларнинг ҳаёт давомийлиги ҳам кўпроқ бўлади", - дея изоҳ беради олим. Умумий натижаларни олганда, тадқиқот ўтказилган 12 йил ичида 33 фоиз китоб ўқимайдиган иштирокчиларнинг ҳаётдан кўз юмганлиги кузатилган, 27 фоиз китобхонлар эса узоқ умр кўришган. Шу боис тадқиқотчилар телевизор пультини ташлаб, китобларни қўлга олишни тавсия қилишади.
Манба Xabardor.uz