ХОДИМ 1 ХАФТА ҲЕЧ НАРСА ҚИЛМАГАН, ЭНДИ ШУ 1 ХАФТАГА ҲАМ ИШ ҲАҚИ БЕРИШИМИЗНИ СЎРАЯПТИ.
САВОЛ.
Ходим ўзига юклатилган вазифаларни бажармади, ҳисоблаганимизда 1 хафта ишда ўтирган, лекин бу бир хафта ичида бирорта иш билан шуғулланмаган. Бу вақтга иш ҳақи тўламаймиз десак, ходим компьютерим бузилиб қолган эди, шунинг учун ҳеч нарса қилолмадим, бунда менинг айбим йўқку, иш ҳақи тўлашларинг керак деяпти. Шу тўғрими?
ЖАВОБ.
Тўғри, МКнинг 266-моддасига кўра, иш берувчининг айби билан бекор туриб қолинган вақт учун ходимнинг ўртача иш ҳақи миқдорида ҳақ тўланиши лозим.
Лекин, сиз айтган вазиятда ходимнинг 1 хафта давомида бекор қолганида иш берувчининг айби борми ёки йўқми, шуни аниқлаб олиш керак.
Чунки, МКнинг 266-моддаси 4-қисмида мана бундай қоида бор: асбоб-ускунанинг бузилиши ва ходим томонидан ўз меҳнат вазифаларини бажаришни давом эттиришни имконсиз қиладиган бошқа сабаблар юзага келтирган бекор туриб қолинган вақт бошланганлиги ҳақида ходим дарҳол ўзининг бевосита раҳбарига, иш берувчининг бошқа вакилига хабар бериши шарт.
Яъни, агар компьютер воситаси бузилганлиги ҳақида ходим ҳеч кимга хабар бермаган ва айнан шу сабабли иш берувчи (ёки ходимнинг раҳбари) ходимнинг бекор қолганидан хабари бўлмаган бўлса, бунда айб ходимнинг ўзида бўлиб чиқади.
Бундай ҳолатларда МК 266-модданинг 3-қисмига мувофиқ ходимнинг айби билан бекор туриб қолинган вақт учун ҳақ тўланмайди.