83 ko'rilgan
“Фалон ташкилот раҳбари Палончиев Пистончи Писмадончиевич бўлади” деб тармоққа ёзсам қонунни бузган бўламанми?

Ўтган хафтада бир фуқаро ёрдам сўраб мурожаат қилди. Телеграм гуруҳларидан бирида бир ташкилот раҳбарининг қайсидир иши танқидий муҳокама қилинаётган бўлган.

Гуруҳ аъзоларидан бири “бу ташкилот раҳбари ким ўзи” деб савол йўлласа, бизнинг қаҳрамон ўша раҳбарнинг фамилия, исми ва шарифини ёзиб жавоб қайтарган. Масалан, “бу ташкилотга раҳбар Турсунов Санжар Камолович бўлади” деб жавоб ёзган.

Шунда ҳалиги раҳбар бундан хабар топиб, тегишли ташкилотларга “бу одам менинг шахсимга оид маълумотни менинг розилигимсиз ҳаммага ошкор қилди” деб қаҳрамонимизнинг устидан ариза ёзиб берибди.

Айтишича, ҳозир унинг устидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-2-моддаси бўйича материал ҳам йиғилибди. Иш судга оширилиш арафасида экан.

МЖтКнинг 46-2-моддаси шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарликни кўзда тутади. Яъни, бунга кўра бошқаларнинг шахсига доир маълумотларни қонунга хилоф равишда тарқатиш ҳам ҳуқуқбузарликдир ва бунинг учун фуқаролар БҲМнинг 7 баравари, мансабдор шахслар эса — 50 баравари миқдорида жаримага тортилиши мумкин.

Бироқ, ижтимоий тармоқларда қайсидир ташкилот раҳбарининг исм, шариф ва фамилиясини келтирсангиз ёки ёзсангиз, бу шахсга доир маълумотни ноқонуний тарқатилиши бўладими?

Масалан, мен каналимга “фалон туман ҳокими Палончиев Пистонча бўлади, шуни билиб қўйинглар” деб ёзсам,  қонунни бузган бўламанми? Агар шундай бўлса, қанчадан-қанча одамлар қонунбузар эканда. Жуда-жуда оддий масала, тўғрими?

Аслида, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддаси мазмунига кўра агар шахсга доир маълумотлар ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбалардан олинган бўлса, унга ишлов бериш учун, шу жумладан, уни тарқатиш мумкин. Бунинг учун маълумот эгасининг розилиги талаб этилмайди.

Ҳалиги ташкилот ва унинг раҳбари тўғрисидаги маълумотлар ташкилотнинг ижтимоий тармоқлардаги сахифаларида, бундан ташқари, ташкилотнинг сайтида ҳам турибди. Ҳамма учун очиқ.

Шу сабабли, бундай вазиятларда бу ташкилот раҳбарининг исми, шарифи, фамилияси, умуман, шунга ўхшаш ҳамма учун очиқ бўлган манбада турган маълумотларини тарқатиш қонунбузилиш ҳисобланмайди.
Bu mavzu Sud va huquqiy maslaxatlatlar bo'limida 07 Yan da maqola yozgan. | 83 ko'rilgan