89 ko'rilgan
❗️АЖРАШИШ БУ ОСОН ЭМАС

@Yurist_Xizmati 4299-савол:

Assalomu aleykum men turmush urtoĝim bilan kelishmovchiliklar tufayli ajrash ostonasidamiz 2022 yil 24 yanvarda qoniniy nikohdan utganmiz Bizning asosiy muammolarimiz Pulga borib taqaladi xarajatlar boshlansa xujayinim doim janjal chiqaradi Menga qanday maslahat bera olasiz? Ajrashsam qanday huquq va imtiyozlarga egaman?

ЮРИСТ ЖАВОБИ:

Ажрашиш бу осон эмас. Бир тараф ажрашишни хоҳлаяпти деб суд бирдагина ажраштириб юбормайди, ёки унинг тескариши бўлиши мумкин.

❗️Ажрашиш жараёни жуда қийин ҳисобланади. Оила кодекси 37-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ никоҳ эр-хотиндан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига мувофиқ никоҳдан ажратиш йўли билан, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган эр ёки хотиннинг васийси берган аризага мувофиқ тугатилиши мумкин.
 
Энди қаранг! Оила кодекси 40-моддаси ҳамда Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги 06-сонли «Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарорига мувофиқ эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли.

Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, Оила кодексининг 218-моддаси талабларини инобатга олган ҳолда ярашиш учун бериладиган муҳлат уч ойдан кам бўлиши самарасиз ҳисобланади.

❗️Шунга кўра сизлардаги вазиятда 6 ой тугагандан сўнг суд ишни кўриб чиқиши лозим.
 
Сизлардаги вазиятда аввал суд 6 ой муҳлат берган бўлса, унда бу сафар ишни мазмунан кўриб никоҳни бекор қилиши ёки аризани рад қилиши мумкин.
 
Оила кодекси 41-моддаси ҳамда Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги 06-сонли қарорининг 16-бандларига таянган ҳолда никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талаб, фақат, эр-хотин бундан буён бирга ҳаёт кечиришларининг ва оила батамом бузилганлиги сабабли уни сақлаб қолишнинг иложи йўқлиги аниқланган ҳолдагина қаноатлантирилиши лозим.

Шундай экан, агар суд оиланинг кейинчалик бирга яшаб кетиш имкони йўқ деб топсагина, никоҳни бекор қилиши мумкин.

Сиздаги ҳолатда бир томон қарши бўлган тақдирда ҳам суд никоҳни сақлаб қолиш учун имкон йўқ деб топса, никоҳ бекор бўлади. Ёки ҳар икки томон никоҳдан ажратишни хоҳлаган тақдирда ҳам суд оилани сақлаб қолиш учун имкон бор деб топса, даъвони рад қилади. Агар ўртангиздаги никоҳ бекор бўлса, унда сизга бир қатор ҳуқуқларга эга бўласиз.

1⃣ Фарзандингизнинг моддий таъминоти учун алимент ундириш. Алимент боланинг ҳаққи! Шу туфайли ота-она уларни моддий жиҳатдан таъминламаса, давлат қонуний йўл билан улардан вояга етмаган фарзандлари учун алимент ундиради.

Оила кодексининг 96-моддасида ҳар бир ота-она ўзининг вояга етмаган фарзанди учун алимент тўлаши шарт эканлиги белгиланган.

☝️Мана шу қоидаларга кўра ота алимент тўлашдан бош торта олмайди. Боланинг манфаатлари учун ота-онадан алимент ундиришда уларнинг иш жойига эгалиги аҳамиятга эга эмас.

Бунда Оила кодексининг 99-моддасига биноан алимент тўлови агарда ота она ўртасида алоҳида келишув мавжуд бўлмаса суд томонидан болалар сонига қараб белгиланади:
 ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг:
➖ бир бола учун — тўртдан бир қисми миқдорида ундирилади.

2⃣ Ўзингизнинг моддий таъминотингиз учун ҳам алимент олишингиз мумкин. Мазкур кодекс 117-моддасида эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шартлиги қайд этилган. Бунда Етарли маблағга эга бўлган собиқ эр (хотин)дан:
 собиқ хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида суд тартибида алимент талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.

3⃣ Оила кодекси 23-моддасига мувофиқ эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Ушбу қоидага кўра сиз турмуш қурганингиздан кейин орттирилган ҳар қандай мулк сизларнинг умумий мулк ҳисобланади.

Оила кодексининг 24-моддасига кўра эр ва хотин уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишда тенг ҳуқуқларга эгадир.
Bu mavzu Sud va huquqiy maslaxatlatlar bo'limida 24 Dek, 23 da maqola yozgan. | 89 ko'rilgan

O'xshash maqolalar bilan tanishing