ЯХШИЯМ БОРСИЗ
Рақамингни тераман, доим
Ўзин беҳол сезганда кўнглим.
Умринг узоқ қилсин Худойим,
Яхшиям сен борсанда синглим!
Ҳол сўрасанг дардим арийди,
Бўлсанг ўзни сезаман бе кам.
Доим хушнуд юрсанг қанийди...
Яхшиям сен борсанда, укам!
Бўлмасангиз қоламан нураб,
Сиз дунёда танҳо, ягонам.
Меҳри тоғим, қариманг сира,
Бахтимга соғ бўлинг, жон онам!
Куюнасиз, эҳтиёт қил, деб,
Менга қўшиб болам учун ҳам.
Яшаяпсиз ташвишимиз еб,
Сизни яхши кўраман, дадам!
Дунёларнинг ғами чўчитмас,
Қадди тикман, сиз-ла ҳамма дам.
Бирга бўлсак кўнгил ўкинмас,
Яхшиям-ки борсиз, Оилам!