⁉️ Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик учун субсидия қандай олинади?
⁉️ Субсидия кимларга берилади?
Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўлайдиган паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик билан шуғулланадиган тадбиркорларга етиштирган маҳсулотлари учун давлат томонидан субсидия берилади.
⁉️ Миқдори қанча?
Субсидия миқдори қуйидагича:
паррандачилик хўжаликларига – парранда гўштининг ҳар бир килоси учун 250 сўм;
чорвачилик хўжаликларига – гўшт учун (моллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун) 2 000 сўм ҳамда сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўм;
балиқчилик ҳўжаликларига – интенсив усулда совуқ сувда етиштирилган балиқларнинг (лосось, форель ва осётр) ҳар бир килоси учун 500 сўм, қолган турдаги балиқлар учун 500 сўм.
⁉️ Субсидия олиш учун кимга мурожаат қилиш керак?
Субсидия олиш учун тадбиркорлар маҳсулотларни сотишдан олдин my.vetgov.uz сайти орқали ариза билан мурожаат қилади.
Ариза тегишли Комиссия томонида беш иш кунида кўриб чиқилади ва хулоса тайёрланади.
Хулоса Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига электрон юборилади.
Тадбиркор етиштирган чорвачилик маҳсулотларини сотгандан сўнг Агентлик комиссия хулосаси ва солиқ органлари маълумотларига кўра субсидия ажратилиши ёки ажратилмаслиги юзасидан беш иш кунида ариза берувчига электрон жавоб хати юборади.
Субсидия ажратиш ҳақида қарор қабул қилинганда, субсидия аризага асосан кейинги ойнинг 25-санасига қадар тадбиркорнинг ҳисоб варағига ўтказиб берилади.
⁉️ Субсидия бериш қайси ҳолатларда рад этилади?
Субсидия қуйидаги ҳолатларда рад этилади:
– тадбиркорнинг ҚҚСдан қарздорлиги бўлганда, солиқ органларида ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтмаган тақдирда;
аризада ишончсиз ва нотўғри маълумотлар мавжудлиги ёки маълумотларни бузиб кўрсатиш ҳолатлари аниқланганда.
Субсидия олувчи субсидия ажратилишини рад этиш тўғрисидаги қарордан норози бўлганда, юқори турувчи ташкилотга ёки судга шикоят қилиши мумкин.