Мутаносиблик принципи нима?
Конституцияда шундай дейилган
Фуқаронинг ипотека кредитидан 3 миллион сўмлик уч ойлик қарзи бор. Банк қарздорни судга беради. Лекин бу масалада даъво аризаси 3 миллион сўм, яъни реал қарз бўйича эмас, кредитнинг тўланмаган қисмига, дейлик, 250 миллион сўмга нисбатан берилади.
Суд аризани кўриб чиқиб, қарздордан 10 миллион сўмдан ортиқ давлат божи ундириш ва шартномани бекор қилиш бўйича қарор қабул қилади. 3 миллион сўмни тўлай олмаган фуқаро 10 миллион давлат божини қандай тўлайди? Кўриш мумкинки, суд қўллаган ҳуқуқий таъсир чора мақсадга эришишга нисбатан мутаносиб эмас.
Мана шу ўринда мутаносиблик принципи намоён бўлади, яъни ҳар қандай шахсга қўлланиладиган чора у содир қилган қилмишга мутаносиб бўлиши керак.
Hudud24.uz сайти фуқароларга конституциявий ҳуқуқларини тушунтириш мақсадида “Конституцияда шундай дейилган” рукнини ташкил қилди. Ушбу рукнда янги таҳрирдаги Конституция нормаларини кундалик ҳаётда ишлатишни ўргатувчи мақолалар бериб борилади. Бугун ушбу рукнда бош қомусимизда белгилаб қўйилган “мутаносиблик принципи” тушунтирилади.
Қонунлар кимгадир ортиқча мажбурият ёки харажат юклаши мумкин эмас. Аксинча, қонунлар воситасида жамият ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинади, инсонлар ҳаёти барқарорлаштирилади ва бир маромда кетиши таъминланади.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 20-моддасида давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак, деган қатъий норма белгиланди.
Мутаносиблик принципи нима?
Қонунчиликда бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўлида бошқа инсонга бажариш жуда қийин ёки иложсиз бўлган мажбуриятларни юкловчи нормалар мавжуд.
Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳақорат учун БҲМнинг 20 бараваридан 40 бараваригача, шаҳвоний шилқимлик қилиш учун эса 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима белгиланган.
Яъна бир мисол, ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли ҳолатда бўлган шахсга тиббиёт ташкилотларида шошилинч ёки кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиши керак бўлган шахс шундай ёрдам кўрсатишни асоссиз равишда рад этганда БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима тўлайди. Рухсатсиз “тонировка” қилинган транспорт воситаларидан фойдаланган шахслар эса, БҲМнинг 25 баравари миқдорида жарима тўлаши зарур.
Фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадида, 2023 йил 8 майда Президент Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармонда Янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган ҳар бир нормани реал ҳаётга татбиқ этиш бўйича аниқ мақсадли чора-тадбирлар белгилаб берилган.
Шу жумладан, мутаносиблик принципини амалиётга жорий этиш учун Адлия вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига алоҳида кўрсатма берилган.
Унга кўра, 2024 йил 1 январгача қонунчилик базаси тўлиқ хатловдан ўтказилиб, унда белгиланган ҳуқуқий таъсир чораларини мутаносиблик принципига мувофиқлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш белгиланган.
Бугунги кунда, масъул идоралар томонидан тузилган ишчи гуруҳ қонунчилик базасини таҳлил қилиб улардаги ҳар бир санкция ва бошқа таъсир чораларини мутаносиблик принципига мослаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқмоқда.
Мазкур принцип моҳиятан инсон ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтиришга йўналтирилган бўлиб, инсон ҳуқуқлари давлат томонидан чекланишининг асослилигини аниқловчи мезон ҳисобланади.
Дилмурод Ражабоев,
Hudud24.uz колумнисти