Азизим
Бизларга нима бўлди,
ўйлаб қоламан баъзан,
Наҳот кўнглимиз қолди,
айтинг, бир-биримиздан..
Эслайсиз-ми, азизим,
ёшлик чоғларимизни,
Турмуш қурмасдан аввал,
кезган боғларимизни?.
Оқшомдан то тонггача
сайр қилиб тўймасдик,
Бир кун гар кўришмасак,
соғинмасдан турмасдик..
Ширин суҳбатлар қилиб,
вақт ўтганин билмасдик,
Бир-биримиздан асло
чарчамас, зерикмасдик..
Гўзал аҳд-у паймонлар
қилиб иккимиз бирга,
Қадам қўйдик *Оила"
деб, аталган қасрга..
Шундан бошланди бари,
орзу тушга айланди,
Рўзғор деган занжирга
қўл-оёқлар бойланди..
Уй - рўзғор, бола - чақа
ташвиши тушди бошга,
Романтик ҳаёллар-у,
чин ҳаёт бошқа-бошқа..
Кези келса нонушта
қилмай чопасиз ишга,
Пул топиш керак дейсиз,
оилани боқишга..
Интиқ бўлиб кутамиз,
тайёрлаб ош-овқатни,
Сиздан эса дарак йўқ,
синаб бизнинг тоқатни..
Қўнғироқ қилсак дейсиз,
кеч бораман, кутманглар,
Овқатланинглар менсиз,
ҳамда ётиб, ухланглар..
Аммо кутаверамиз,
бизлар бедор ва уйғоқ,
Сиз билан беш дақиқа
суҳбат қуришга муштоқ..
Йиллар-ки, шу ҳолатда
умримиз ўтаётир,
Биздан қизғанилган вақт
кўчада кетаётир..
Аёл қалби гулдан ҳам
нозик экан, азизим.
Меҳр сувин ичмаса,
қурий бошлар илдизи..
Шу нозик кўнгилга ҳам
вақт ажратинг илтимос.
Айрилиқ бор бир куни,
умр йўли жуда оз..
Ғафлатда қолиб яна,
қилиб юрманг пушаймон,
Ҳар нафас ғаниматдир,
ҳар дақиқангиз имкон...