⚡️⚡️Пенсионер ходимни малака ошириш ёки хизмат сафарига юбориш мумкинми?
❓ Савол: Савол мазмуни шундан иборатки, мен пенсионерман, малака оширишга ёки хизмат сафарига юборишга иш берувчи ҳақлими? Қонунда қандай имтиёзлар бор?
✅ Жавоб: Меҳнат кодексининг 4-моддасига кўра ҳар ким меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишда тенг имкониятларга эга. Меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш тақиқланади.
Ушбу моддада жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, яшаш жойи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик сифатлари ва меҳнати натижалари билан боғлиқ бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнат ва машғулотлар соҳасида бирор-бир тўғридан-тўғри ёки билвосита чекловлар белгилаш, худди шунингдек бирор-бир тўғридан-тўғри ёки билвосита имтиёзлар бериш камситишдир дейилган.
Демак, Меҳнат кодексининг 4-моддаси талабларидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, сизнинг ёшингиз улуғлиги сабабли имтиёз берилиши бошқа ходимни камситиш бўлиб қолади.
Энди мантиқ жиҳатдан олиб қарасак, сиз қайси соҳада ишлашингиздан қатъий назар ўз устингизда ишламасангиз, малака оширмасангиз ўз-ўзидан сифат кўрсатгичингиз пасаяди.
Ўқитувчи бўлиб янги замонавий интерактив ўқитиш услубларни қўллай олмасангиз ўқувчилар орасида обрўйингиз тушиб кетади. Шу сабабли барча педагоглар ўз малакасини ошириб, дарс берадиган фанлари бўйича касбий ва педагогик маҳоратини доимий равишда ўстириб бориши зарур.
Умуман айтганда биз сизларни қаттиқ ҳурмат қиламиз, эъзозлаймиз, лекин қонунчиликда пенсионер ходимнинг хизмат сафарига юборишда ёки малака оширишга юборишда имтиёзлар йўқлигини ҳам маълум қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 17 январдаги 25-сон қарори билан тасдиқланган низомнинг 19-бандига кўра ходим асосий иш жойи бўйича белгиланган муддатда (жорий йил давомида) малака ошириш курсларидан узрли сабабларсиз ўтмаган тақдирда, у билан тузилган меҳнат шартномаси амал қилиш муддатидан қатъи назар, белгиланган тартибда икки ой мобайнида бекор қилинади.