⚡️ТАЪТИЛ ВАҚТИДА ЎҚИТУВЧИ ИШГА БОРМАСА ҲАМ БЎЛАДИМИ?
@Yurist_Xizmati 4223-савол:
Меҳнат кодексига кўра, ходим иш тартиби ёки графигига ёхуд меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ ўз меҳнат вазифаларини бажариши лозим бўлган вақт иш вақти ҳисобланади.
Иш берувчи ҳар бир ходимнинг ҳақиқатда ишлаган иш вақтини ўз вақтида аниқ ҳисобга олиб бориши шарт. Педагог ходимларнинг иш вақти улар томонидан бажарилган педагогик юкламага мувофиқ ҳисоблаб чиқарилади.
Ўқитувчининг педагогик юкламасининг бажарилишини ҳисобга олиш ҳар куни ишга келиш ва кетиш журнали орқали юритилади ҳамда ҳар ойлик иш вақтини ҳисобга олиш табелида акс эттирилиб, унда амалда бажарилган ўқув соатлари (дарс соати сони), педагогик иш соатлари, барча бажарилган соатлар, яъни жами ўқув ва педагогик соатлар йиғиндиси кўрсатилади.
Мактабда дарслар бўлмаган вақтларда ходимлар педагогик юкламасида белгилаб берилган ишларни амалга оширади ёки мактаб маъмурияти томонидан берилган топшириқларни бажаради. Амалдаги Меҳнат кодексининг 154-моддасига мувофиқ иш берувчи ходимга ҳақиқатда бажарган иши учун маош тўлайди. Бажарилмаган иш учун эса иш ҳақи тўланмайди.
Бундай ҳолатлар амалдаги қонунчилик доирасида таълим муассасаси касаба уюшмаси билан келишган ҳолда расмийлаштирилади. Ходим иш жойига келмаган тақдирда табелга киритилмайди ва ҳақ тўланмайди.
Агар мактабнинг ички меҳнат тартиб қоидаларида ходимнинг иш жойига кечикиб келиши ёки иш жойига сабабсиз равишда келмаслиги ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишлар рўйҳатига киритилган бўлса, ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳам мумкин.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мактабларда дарс бўлмаган пайт, яъни таътил вақти ўқитувчилар иш жойига келмасликка ҳақли эмас.