ЕТИЛМАГАН БАЧАДОН ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК?
Тўй олди югур-югурларининг ўзгача гашти бор. Аммо баъзан кўнгилни хира торттирадиган ҳолатлар ҳам учраб туради. Масалан, тиббий кўрик вақти бўлажак келинда аниқланган «етилмаган бачадон» ташхисини олсак. Бу маълумот ёшларни қўрқитиши табиий. Негаки кўпчиликни бундай ташхис билан фарзандли бўлиш мумкинми, деган савол ўйлантиради. Хўш, аслида ҳам ҳавотирга асос борми? Даволаниш-чи, натижа берадими?
«Етилмаган бачадон» касалликми?
Тўлиқ ривожланмаган бачадон инфальтил деб номланиб, аъзонинг ривожланишдан ортда қолганлиги дея тушунилади. Гап шундаки, қиз бола улғайгани сари ички аъзолари, шу жумладан бачадони ҳам «улғаяди». Агар бачадон етилмаган бўлса, табиийки, у вазифасини ҳам яхши уддалай олмайди.
Тўлиқ ривожланмаган бачадон аломатлари
ҳайз кўрмаслик ёки кеч ҳайз кўриш;
ҳайз кўрганда қон ажралмасининг жуда кам бўлиши;
гормонал тизимда ўзгаришлар юз бериб, қалқонсимон без касалликлари ривожланади.
ақлан ва жисмонан етилмаслик;
аёллик жозибасининг етишмаслиги, яъни ўзини ўғил болаларча тутиши ва фикрлаши;
кўкракларнинг етилмаслиги;
айрим ҳолларда соч туклари кўплиги (бароқлик);
ойда бир-икки марта кузатиладиган тос соҳасидаги оғриқлар (ҳайз кўрмагани сабабли);
тез-тез бош оғриши.
Агар қизалоғингизда шундай аломатлар кузатилаётган бўлса, дарҳол гинеколог кўрига ошиқинг.
Нега бундай бўлади?
Болаликдаги турли юқумли касалликлар;
қалқонсимон без хасталиклари;
шунингдек, бош мия жароҳати туфайли бачадон ривожланишдан орта қолиши мумкин.
Давоси қандай?
Ҳар бир беморнинг организмининг индивидуаллигини ҳисобга олиб, даво чоралари белгиланади. Бунда бачадон ривожланганлик даражаси, гормонлар ишининг издан чиққанлиги ва сабаблари инобатга олинади. Сўнг босқичма-босқич витаминли муолажалалар ва физиотерапия, гимнастика, кейин эса гормонал терапия ўтказилади.
«Фарзандли бўламанми?»
Ҳомиладорлик етилмаган бачадоннинг турларига ҳам боғлиқ. Тўғри муолажа қилинса ва муаммо ўз вақтида аниқланса, фарзандли бўлиш эҳтимоли ортади.
Фарзандсизликка фақатгина етилмаган бачадоннинг ўзи эмас, эндокрин тизими ва тухумдонлар фаолиятидаги муаммолар, руҳий ҳолат ҳам сабаб бўлади. Бундан ташқари, баъзан қизлар бўй-бастининг кичкиналиги, озғинлиги бачадоннинг ҳажмига мос бўлади. Сиз хавотирга тушманг, етилмаган бачадон ташхиси билан фарзанд кўра олмаслик фикри ҳозирда эскирган. Бугунги тиббиётда етилмаган бачадонга ёрдам бериш усуллари кўп.
АЗИЗ ОНАЛАР!
Қизалоғингиз келажакда шундай муаммоларга дуч келмаслиги учун болалигиданоқ унинг жисмоний ривожланишига эътибор беринг. Албатта, ўсмирлигида ҳам руҳий, ҳам жисмоний саломатлигига бефарқ бўлманг. Фарзандингиздаги шамоллаш касалликларини ўз вақтида даволанг, уни чиниқтиринг, жисмоний ва ақлий жиҳатдан чарчашига йўл қўйманг.
Мутахассислар билан маслаҳатлашиш, айниқса, гинеколог кўригидан ўтказишга уялманг. Касаллик қанчалик эрта (11-13 ёшгача) аниқланса, даволаш шунчалик осон кечади.