Ўқитувчи ўқувчини ота-онасига кўрсатмасликка ҳақлими?
@Yurist_Xizmati 4185-савол:
Salom. Men 2020yilda qonuniy ajrawganman sud tomonidan oyning 1chi va 3chi shanba soat 10dan 17gacha meni ixtiyorimga qaror chiqargan. Bu yil qizim maktabga chiqdi men maktabga borib qizimni ta'lim, tarbiya olishiga darslarni qay daraja o'zlashtirishini bilgani borsam o'qituvchisi farzandim xaqida ma'lumot bermasligini, menga ko'rsatmasligini bunga qizmni buvisi qarshi ekanligini aytdi. Menga sud tomonidan chiqarilgan qarorni ko'rsatib faqat shu kuni ko'rishim kerakligini aytdi. O'qituvchini xatti-xarakati to'g'rimi agar noto'g'ri bo'lsa men qayerga murojaat qilaman. Uchavkavoylarni oldiga borsam xam siz ajrashgan ekansiz bola ularning tarbiyasida ekan siz faqat sud belgilagan kuni ko'rishiz mumkin deyabdi.
ЮРИСТ ЖАВОБИ:
❌ Ўқитувчининг ҳаракатлари нотўғри.
Биринчидан, Оила кодексининг 73-моддаси биринчи қисмида Ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шартлиги белгиланган. Ушбу модданинг учинчи қисмига кўра ота-она ўз болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эга.
☝️Айнан мана шу қоидага кўра сиз ота сифатида фарзандингизни тарбиялашда унинг бошқа қариндошлари (бобо-бувиси, амаки-холаси, тоға-аммаси)дан устун мавқега эгасиз.
❌ Шундай экан фарзандингизнинг бувиси сизга бундай тақиқ қўйишга ҳақли эмас.
Мазкур кодекс 76-моддасига мувофиқ боладан алоҳида яшаётган ота (она) бола билан кўришиш, унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга.
✅ Юқоридаги қоида ҳам сизнинг фарзандингиз тарбиясида иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлигингизни тасдиқлайди.
Шунингдек, Таълим тўғрисидаги Қонунининг 51-моддасида ота-онанинг таълимнинг мазмуни, қўлланилаётган таълим ва тарбия усуллари, таълим технологиялари билан, шунингдек ўз болаларининг ўқув фанларини ўзлаштириши натижалари билан танишиш ҳуқуқи мавжудлиги белгиланган.
Ушбу қонуннинг 46-моддасига кўра педагог ходим вояга етмаган таълим олувчилар билан таълим-тарбия ишларини уларнинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари билан ҳамкорликда олиб бориши унинг мажбуриятларидан бири ҳисобланади.
❗️Хулоса қиладиган бўлсак, аввало мазкур жавобни фарзандингизнинг ўқитувчисига кўрсатинг. Агар у шундан кейин ҳам сизнинг ҳуқуқингизни бузадиган бўлса, унинг ҳаракатлари устидан туман прокуратурасига мурожаат қилишингиз мумкин.