2,792 ko'rilgan
  • Психологлар фикрича, имо-ишораларни ва феъл-атворни “ўқий олиш” самарали суҳбат қуришнинг энг муҳим шартидир. Бу ажойиб илмни ҳар ким ўрганиши мумкин, агар бундай қобилият туғма бўлса, уни ривожлантириш жуда осон.

    Одамнинг қадам ташлаши, юз ифодаси, имолари, қараши, одатларига қараб у ҳақдаги илк хулосани чиқарамиз. Бу ҳолат онгости ҳодисаси ҳисобланади. Онгости жараёни дегани нимани англатади? Масалан, газета ўқиб ўтирибсиз. Кўчадаги машиналар, одамларнинг шовқин-суронини онгингиз сиз истамасангиз ҳам қабул қилади, миянгизда шу тўғрида маълумот ҳосил бўлади. Худди ана шу ҳолат англашнинг онгости жараёни ҳисобланади.

    Кўплаб имо-ишоралар онгга боғлиқ бўлмаган тарзда амалга ошади, лекин инсоннинг кайфияти ва фикри ҳақида кенг қамровли ахборот бериши мумкин. Яхши суҳбатдошни топиш, яхши суҳбатдош бўлиш учун имо-ишоралар ва ҳаракатларнинг “маъно”сини тўғри фаҳмлай олиш керак. Қуйида мутахассислар тадқиқ қилган ўнта вазиятни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Уларни билиб олиш зарар қилмайди.

    1. Бармоқларни жипслаштириш. Учта кўриниши бор: бармоқларни юзда бирлаштириш, столга ёки тиззага қўйиб ўтириш. Бу ҳолат суҳбатдошингиз зерикканини, ўзининг салбий муносабатини яширишга уринаётганини билдиради. Бундай пайтда суҳбат мавзусини, вазиятни тубдан ўзгартиринг.

    2. Оғизни қўл билан беркитиш (бир нечта бармоқ ёки мушт билан). Бу ҳолат суҳбатдошингиз сизни “алдаяпти” деб ўйлаётганидан далолат.

    3. Қулоқни қашиш ёки сийпалаш. Бу нарса суҳбатдошингиз меъёридан ортиқ тинглагани, гапиришни истаётганини билдиради. Бундай пайтларда монолог эмас, диолог ҳосил қилинг.

    4. Бўйинни қашиш ёки сийпалаш. Суҳбатдошингизнинг бу каби ҳаракатлари сизга ишонмаётгани, гумонни англатади.

    5. Бармоқларни оғиз чеккасига қўйиш. Мазкур ҳолат суҳбатдошингиз фикрингизни маъқуллаётганини, сиз тарафда эканини билдиради.

    6. Суҳбатдошингиз пешанаси, чаккаси ёки иягини сийпалайди, юзини қўллари билан беркитади. Бу ҳолат унинг ҳозир ҳеч ким билан гаплашишни истамаётгани белгиси. Тўхташ керак, бу тарзда давом этадиган суҳбатдан барибир яхши натижа чиқмайди.

    7. Кўзни олиб қочиш. Бу суҳбатдошингиз ниманидир яшираётганини билдирадиган энг ёрқин белги.

    8. Қўлларни кўкрак атрофида бирлаштириш. Мазкур вазиятда суҳбат мавзусини ўзгартириш ёки бирйўла тўхтатиб қўя қолиш керак. Агар суҳбатдошингиз қўлларини қовуштириб елкасидан ўтказиб олган бўлса, бу нарса унинг ҳаддан зиёд асабийлашганини билдиради.

    9. Қаншар (икки қош ораси)ни чимдиш. Бу нарса суҳбатдошингиз фикрлаётганини, ниманидир ўйлаётганини кўрсатади.

    10. Суҳбатдошингизнинг хона бўйлаб у ёқдан-бу ёққа юриши. Мазкур ҳолат баҳс-мунозара ўртоғингизни қизиқтираётганини, бироқ ўйлаб, бир қарорга келишга уринаётганини ифодалайди. Шошишнинг, шоширишнинг ҳожати йўқ.

Bu mavzu Turli maslahatlar bo'limida 31 Yan, 20 da maqola yozgan. | 2,792 ko'rilgan

No Related Blog Posts