❗️МАЪМУРИЙ НАЗОРАТ НИМА ВА У КИМЛАРГА ЎРНАТИЛАДИ ?
⚡️САВОЛ:
Кимлар маъмурий назоратга олинади ва ушбу назорат қўлланилишидан мақсад нима ?
⚡️ЖАВОБ;
02.04.2019 йилдаги ЎРҚ-532-сон Қонунга кўра, маъмурий назорат — назорат остидаги шахсларга суд томонидан белгиланадиган маъмурий чекловларни қўллашдан иборат тарбиявий-профилактик таъсир кўрсатиш чоралари мажмуи хисобланади.
✅ Шахсга маъмурий назорат ўрнатилишидан мақсад, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахсларга профилактик таъсир кўрсатиш орқали улар томонидан янги ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишдан иборат.
❗️Маъмурий назорат вояга етган қуйидаги шахларга ўрнатилади:
➖ суд томонидан ўта хавфли рецидивист деб топилган;
➖ оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган;
➖ ҳар қандай қасддан қилинган жиноятлар учун икки ёки ундан ортиқ марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган;
➖ Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига биноан оғир ёки ўта оғир жиноят ҳисобланадиган қилмишларни содир этганлик учун бошқа давлат ҳудудида озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаган.
❗️Маъмурий назорат ўрнатилаётган шахслар:
➖ яшаш жойидан сутканинг белгиланган вақтида ташқарида бўлишни тақиқлаш;
➖ муайян жойларда бўлишни тақиқлаш;
➖ суд томонидан белгиланган ҳудуд доирасидан ички ишлар органларининг рухсатисиз чиқишни тақиқлаш;
➖ рўйхатдан ўтиш учун ҳар ойда бир мартадан тўрт мартагача ички ишлар органига (ички ишлар органининг таянч пунктига) келиш лозимлиги;
➖ алкоголли ичимликларни истеъмол қилишни тақиқлаш шаклидаги чеклов чораларининг барчаси ёки қисман қўллаш йўли билан назоратга олинади.
❗️Маъмурий назорат судланганлиги олиб ташланган ёки судланганлик ҳолати тугалланган шахсларга нисбатан ўрнатилиши мумкин эмас.