121 ko'rilgan
МЕҲНАТ ДАФТАРЧАМДАН НУСХА СЎРАСАМ, КАДР “ПРОБЛЕМА” ҚИЛЯПТИ.

САВОЛ.
Бир жойдан сўраганлиги учун ишхонамдаги меҳнат дафтарчамдан нусха беришни сўрасам, кадримиз нима учунлигини, сабабини аниқ айтмасангиз, бермаймиз деяпти. Лекин мен сабабини айтмоқчи эмасман. Кадрни бермасликка ҳаққи борми?

ЖАВОБ.

Меҳнат дафтарчаси аслида ходимнинг мулки ҳисобланади, ундаги маълумотлар эса ўша ходимнинг шахсига оид маълумотлардир.

Меҳнат кодексининг 125-моддасига асосан иш берувчи ходимга иш берувчида ишлаган даври учун меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ходимнинг ёзма шаклда берилган ёки иш берувчининг электрон почта манзилига юборилган аризасида кўрсатилган усулда (лозим даражада тасдиқланган қоғозда ёки иш берувчининг электрон рақамли имзоси билан имзоланган электрон ҳужжат тарзида), агар ишлаш даврида бўлса, ариза берилган кундан эътиборан 3 иш кунидан кечиктирмай бериши шарт.

Яъни, агар сиз ёзма сўров берсангиз, ана шу сўровингиз иш берувчига топширилган кундан бошлаб 3 иш куни ичида меҳнат дафтарчангиз ва унинг варақларидан нусха берилиши шарт.

Бунинг учун иш берувчи раҳбар номига ариза ёзишингиз ва аризада меҳнат дафтарчаси ва унинг варақларидан нусха беришни сўрашингиз керак. Ходим аризасида аниқ сабабларни келтиришга мажбур эмас. Аризани икки нусхада чиқариб, бир нусхасини кадрлар хизмати ходимига берасиз ва ўзингиздаги нусхасига “фалон санада олдим” деб имзо қўйдирасиз. Агар кадр “проблема” қиладиган бўлса, худди шу ариза бериш ишини девонхона орқали амалга оширасиз.

Агар 3 иш куни ичида аризангизга жавобан сиз сўраган ҳужжатдан, яъни меҳнат дафтарчасидан нусха бермаса, иш берувчи томони қонунни бузган бўлади ва бу кадрлар хизмати ходимининг бошига бало бўлиши ҳам мумкин.
Bu mavzu Sud va huquqiy maslaxatlatlar bo'limida 07 Yan da maqola yozgan. | 121 ko'rilgan