2024 йил 1 январдан ҳомиладорлик ва туғиш таътили кунлари ва тўловлари қисқартириладими?
@Yurist_Xizmati 4291-савол:
Men ixtisoslashtirilgan maktabda o'qituvchi bo'lib ishlayman. 30 yanvardan tug'riq ta'tiliga chiqishim kerak. Poliklinikadagi shifokor menga dekabr oyidan chiqishimni tavsiya qilmoqda chunki u kishini gaplariga qaraqganda 2024 yil yanvardan tug'ruq ta'tili kunlari ham to'lovlarini ham qisqartirish to'g'risida buyruq kelibdi. Shu qonuniy asosga egami? Qonunchilikda yanvardan tug'ruq ta'tilini va pulini qisqartirish bo'yicha biron bir o'zgarish bo'ldimi? Bo'lsa qarorni ayta olasizmi?
ЮРИСТ ЖАВОБИ:
❌ Ундай буйруқ, қарор ёки кўрсатма йўқ.
Меҳнат кодексининг 404-моддасига биноан аёлга туғруққача етмиш календар кун ҳамда туғруқдан кейин эллик олти календар кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда етмиш календар кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиб, қонунчиликда белгиланган, лекин ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланади.
Шунингдек, Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2667, 17.04.2015-й.) 27-банди ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳомиладорликнинг ўттизинчи ҳафтасидан бошлаб ҳудудий амбулатор-поликлиникаларнинг, акушер-гинеколог (умумий амалиёт шифокори) томонидан бош шифокор ўринбосари билан биргаликда берилиши қайд этилган.
✅ Шунга кўра сиз ҳам ҳомиладорлик ва туғиш таътилига ҳомиладорликнинг 30 ҳафтасидан чиқишингиз керак деб ҳисоблаймиз.
♂️ Декрет пули иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисобланади. «Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низом (рўйхат рақами: 1136, 08.05.2002 й.) 52-бандига мувофиқ нафақаларни ҳисоблаб чиқаришда ҳисобга олинадиган иш ҳақининг барча турлари, шу жумладан мазкур ойда иш ҳақи билан биргаликда тўланадиган ойлик мукофотлар уларнинг ҳақиқатда олинган вақти бўйича эмас, балки улар ҳисоблаб ёзилган вақт бўйича иш ҳақига қўшилади.
Бунда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик таътили бошланган ойдан олдинги 12 ой даврида олган ва суғурта бадаллари чегирилган барча мукофотларнинг 1/12 қисми нафақа ҳисоблаб чиқариладиган ойлик иш ҳақига қўшилиб, ўртача ойлик иш ҳақи миқдори аниқланади.
☝️Қоиданинг мазмуни шундан далолат берадики, ҳомиладорлик ва туғиш таътили учун нафақани ҳисоблашда ходимнинг корхонада ишлаган даврда олган ҳар қандай тўловлари (бу тўловлар ичига ходимга берилган моддий ёрдам, рағбатлантириш тўловлари, соатбай асосда олган иш ҳақи ҳам киради) ҳисобга олиши лозим.
✅ Демак, сиз декретга чиқишдан олдин олган иш ҳақларингиз ва бошқа тўловларингиз қўшилади ва 12га бўлинади.