1. Кичкинтойни болалар косметикасига "кўмиб ташламанг!"
"Меҳрибон" оналар кун давомида болалари терисига нималарни суришмайди-я! Болалар учун крем, ёғ, упа, антибактериал хусусиятларга эга совунлар, махсус суюқликлар шимдирилган салфеткалар… Болакай учун махсус косметиканинг ҳожати йўқ, кундалик чўмилтириш ва ҳаво ванналарининг ўзи етарли. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бола терисига меъёрдан ортиқ ёғ ёки крем сурманг, улар меъёрда сурилгач, болани тагликларга ўраб-чирмаб ташламанг, ёғ ёки крем маълум муддат ичида терига сўрилиши лозим.
2. Болани аравача билан бирга зинадан олиб тушманг!
Бу сиз учун хавфли бўлибгина қолмай, бола учун ҳам катта хавф туғдириши мумкин. Кўп қаватли уйларда лифт йўқми ёки вақтинча ишламаяптими? Унда кичкинтой бир муддат аравачасиз сайрга олиб чикан маъкул. Аравачани бир қўлда, қийшайтириб тутманг, икки қўлда олдинга қараб ҳайдаганингиз маъқул. Бунда вазн мувозанатда бўлишига эътибор беринг. Шундагина кичкинтой хавфсиз бўлади, сиз ҳам бел оғриғидан шикоят қилмайсиз.
3. Терлашига йўл қўйманг!
Соғлом, эмизикли бола эса иссиқ шароитда ҳам деярли терламайди, ундан сутнинг ёқимли ҳиди келиб туради. Илк ёшларида унинг тер безлари яхши шаклланмаган бўлади ва тўлиқ иш фаолиятида бўлмайди. Агар сиз уни об-ҳавога мос кийинтирган бўлсангиз, иссиқлаши эҳтимолдан йироқ, лекин унинг кўйлакчалари ҳўл бўлса, педиатрга мурожаат қилганингиз маъқул. Бу асабнинг тер ажратиш мувозанати бузилганидан дарак берувчи рахит касаллиги белгиси бўлиши мумкин.
4. Болалар хонасидаги тунги чироқни ўчиринг!
Кўпинча, оналар болалар хонасида тунги чироқ ёқиб қўйишади. Бу болаларни тинчлантиради ва боланинг кўзларига уйқу келишига ёрдам беради, деб ҳисобланади. Бироқ, доимий нотабиий нур бола организмида биоритмларни назорат қилувчи ва тетикликни сақловчи мелатонин гормони фаолиятини сусайтиради. Натижада, биологик соатлар давомийлиги бузилиб, бола ўзини ёмон ҳис қила бошлайди, кундузи инжиқланади, тунда яхши ухлолмайди.
5. Болага ичирадиган сувга шакар қўшманг!
Биринчидан, сиз мақсадга етолмайсиз: ширин суюқликлар чанқоқни яхши қондирмайди. Иккинчидан, болани илк ёшиданоқ ширин таъмга ўргатиб қўясиз, у оддий сувни ичишдан қаттиқ бош тортади. Учинчидан, унинг шакарни парчаловчи ошқозон ости безига босим тушиб, диабетга мойиллик кўрсаткичини оширасиз.
6. Болага чой берманг!
Ҳатто, суюқ дамланган чой ҳам бола организмида илк ёшлардаёқ темир ўзлаштирилишини сусайтиради ва темир танқислигига мойиллик келтириб чиқаради. Бола учун энг фойдали ичимлик — қайнатилган шакарсиз сув. Сув ўрнига турли мева компотларини беришингиз мумкин (музлатилган, қуритилган ёки янги). Компотлар янги тайёрланган, хона илиқлигида ва ширинликларсиз бўлиши лозим. Болага овқатлантириш давомида тез-тез суюқлик бериб туринг, бироқ, бу у жуда кўп суюқлик ичиши шарт, дегани эмас. Ортиқча суюқлик унинг буйрагига босим ўтказади. У кун давомида меъёрида суюқлик ичиши керак. Ҳарорати кўтарилганда, ич кетишда ва хона ҳарорати юқори бўлганда кўпроқ ичиши мақсадга мувофиқ.
7. Шамоллаган бўлсангиз ҳам, кўкрак сути билан эмизинг!
Баъзан оналар шамоллаганда, грипп бўлганида болани кўкрак сути билан эмизмасликни маъқул кўрадилар. Болага касаллик юқишидан қўрқиш табиий, бироқ, шуни унутмангки, грипп ҳаво-томчи йўли орқали юқади, эмизиш билан эмас. Болани 5-6 қават тутилган дока остидан эмизинг, кун давомида докани бир неча марта алмаштиринг. Сизга ёрдам берадиган одам бўлмаса, фақат дока ниқоб тутиб, болани парвариш қилишингиз мумкин.