50 ko'rilgan
Алиментчиларнинг дарди

Кўпчилик алимент тўловчилар МИБ ижрочилари  томонидан четга чиқишга таъқиқ қўйиб қўйилганидан норози бўлиб бизга мурожаат қилишади. Аксарият ҳолатларда МИБ томонидан таъқиқ унинг қарзи бўлмаган тақдирда ҳам қўйилади. Бунинг ҳуқуқий асосларига бирма бир тўхталиб ўтамиз ва ижрочиларнинг харакатларига ҳуқуқий тартибини тушунтирамиз.

Оила кодексининг 145-моддасига асосан  Алимент тўлаши шарт бўлган шахс доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга чет эл давлатга кетаётганида қонунга мувофиқ ўзи таъминот бериши лозим бўлган алимент олувчилар билан ушбу Кодекснинг 130—134-моддаларига асосан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиши шарт. Яъни алимент тўловчи 3 ойдан ортиқ муддатга чет элга чиқаётганда  алимент тўлаш тўғрисида келишув тузади ва бу келишув нотариал тасдиқланиши шарт.

Шунда савол туғилади агар сафар 3 ойдан кам муддатга бўлса, масалан турли саёҳатларга, умра сафарларига ёки иш юзасидан бизнес учрашувларга борганда тартиб қандай бўлади? Бу вазиятда МИБ ходимининг таъқиқ қўйишга ваколати борми?

"Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги қонуннинг 42-1-моддасига асосан Суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли экани белгиланган.

Давлат ижрочисининг қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарори катта давлат ижрочиси томонидан тасдиқланади. Мазкур қарорнинг кўчирма нусхалари қарздор жисмоний шахсга (агар унинг турган жойи маълум бўлса), ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига (бошқармасига) ҳамда Давлат чегарасини қўриқлаш органларига юборилади.

Аксарият ҳолатларда амалиётда алимент тўловчи шахснинг қарзи бўлмаса ҳам уларга таъқиқ қўйиб қўйилади. Бу қанчалик асосли? юқоридаги моддага эътибор қаратилса,  " талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда" деб таъкидланмоқда бундан келиб чиқадики, ижрочи қарздорлиги бўлмаган шахсга нисбатан хорижга чиқишга таъқиқ қўйиши ноқонуний.

Мана шундай ҳолат вужудга келганда нима килиш керак?

Мазкур модданинг ўзида Давлат ижрочисининг қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилиниши ёки протест келтирилиши мумкинлиги белгиланган. Агар сиз МИБ ходимининг қарори устидан маъмурий Судга мурожаат қилган тақдирингизда Суд ноқонуний чиқарилган қарорни бекор қилиб беради.
Bu mavzu Sud va huquqiy maslaxatlatlar bo'limida 15 Dek, 23 da maqola yozgan. | 50 ko'rilgan

No Related Blog Posts