КУЁВНИНГ ҲУРМАТИ.
Тўрт ўғли бор битта отахон,
Ёлғиз қизин кўпроқ суярди.
Шу сабабли куёви қачон,
Келса атаб бир қўй сўярди.
Бу ишига ўғиллар қарши,
Баъзилари тўнғиллади сал.
-Тўрт ўғилдан бегона яхши,
Наҳот биздан шу куёв абзал?
Бирдай қаранг ўғилу-қизга,
Ота ўйлаб қилинг ҳар ишни!
Доим бўлиб берасиз бизга,
Шум куёв еб,орттирган гўштни.
Ранжимади донишманд шу тоб,
Соғлиқни ҳам бир оз ўйлади.
Бераман деб уларга жавоб,
Куёв келар кунни пойлади.
Келин-куёв сўраб келди ҳол,
Остонада бир оз тўхталди.
Ҳассасини кўтарганча чол,
Қизин урмоқчидай ўқталди.
Қўрқиб кетди аёл ўша дам,
Эрининг ортига беркинди.
Йигит асли мағрур бўлса ҳам,
Орқага бир қадам чекинди.
«Кўрдингизми »деди чол кулиб,
-Ҳаёт бошга солганда соя.
Шердек,шердек акалар туриб,
Хотин ,эрдан излар ҳимоя.
Оилани ор -номуси қизлар,
Бошни эгиб қўйиши мумкин.
Яхши куёв бўлса азизлар,
Қайнота қўй сўйиши мумкин.-
Қўйни боқинг оталар бугун,
Қайноғалар майли куйса ҳам.
Хазрати Алидек куёвлар учун,
Бўлаверар туя сўйса ҳам.