❓ Ишга ёлланишда алданиб қолмаслик учун нима қилиш керак?
Биринчи навбатда, чет элда ишлаш учун кетаётганда иш ким томонидан таклиф қилинаётганлигини текшириш керак. Яъни, иш берувчи ҳақидаги маълумотлар билан батафсил танишиб чиқиш лозим. Шубҳали иш берувчилардан бўлган таклифларни қабул қилмаслик, ёзма ёки онлайн тарзда тузилишидан қатъи назар меҳнат шартномаси шартлари билан танишиб чиқиш шарт. Бу жараёнда иложи борича ҳуқуқшунос ёрдамидан фойдаланиш тавсия этилади.
Бундан ташқари, чет давлатларга ишлашга кетаётган фуқаролар қуйидагиларга амал қилиши лозим:
– мазкур давлат қонунларига қатъий риоя қилиш;
– хорижий мамлакатда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар ва рухсатномаларни ўз вақтида қонуний йўллар билан расмийлаштириш (бунда қонуний тартибда белгиланган бож ва йиғимлардан ташқари ҳеч қандай тўловларни амалга оширилмайди);
– ишга жойлашаётганда фуқаролик паспортини ҳеч кимга бермаслик;
– меҳнат шартномасида унинг барча шартлари (ишнинг характери ва тури, муддати, маош миқдори, ижтимоий кафолатлар) қайд этилганига ишонч ҳосил қилиш.
Хорижий мамлакатларга меҳнат қилиш учун кетган барча фуқаролар шу давлатдаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ёки консуллик муассасаларида рўйхатдан ўтишлари шарт. Республиканинг ваколатли ташкилотлари бўлмаганда Ўзбекистон ҳукумати томондан ваколат берилган органларидан рўйхатдан ўтишлари зарур.
Чет элларга ишлаш учун кетаётган фуқаролар хорижий мамлакатга етиб олгандан сўнг оила аъзолари, дўстлари ва яқинлари билан почта, телефон ёки Интернет орқали мунтазам равишда боғланиб туришлари лозим.
Чет эллик иш берувчи шартнома талабларига риоя қилмаган ҳолларда (иш ҳақини ўз вақтида тўламаслик, тўлиқ миқдорда тўламаслик ёки ишдан бўшатиш) хорижий мамлакатнинг қонунчилиги билан ўрнатилган тартибда шикоят қилиш, шу жумладан судга мурожаат қилиш мумкин.
Одам савдоси — куч билан таҳдид қилиш, куч ишлатиш ёки мажбурлашнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, йўли билан одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш ҳисобланади.
Одам савдосидан жабрланганлар Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ёки консуллик муассасаларига мурожаат қилиши лозим. Ушбу муассасаларнинг контакт маълумотлари ва жойлашув жойлари ҳақидаги маълумотларни
https://mfa.uz/ сайтида мавжуд.