⚡️ Ишончнома орқали автомобилни бошқариш
Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқланиши керак. Шундан келиб чиқсак, автомобил бошқариш учун бериладиган ишончнома ҳам нотариал шаҳодатланиши керак. Бунда мулкдор (яъни автомобилини ишончнома асосида бошқага берувчи) ўзи ёки ўзининг номидан ҳаракат қилувчи бошқа шахс орқали ишончномани имзолайди. Лекин ишончномани тузиш ва тасдиқлаш учун ишончли вакилнинг, яъни автомобилни боқаришга олувчининг иштироки талаб этилмайди.
Хизмат кўрсатганлик учун тўлов тўланади. Бу ерда электрон калкулятор орқали тўловлар ҳисобини чиқариш мумкин.
!!! Транспорт воситасини яқин қариндошлар ўртасида мажбурий тартибда нотариал ишончномаларни расмийлаштирмасдан бошқаришга қонун ижозат беради. Яъни шахснинг автомобилини унинг фарзанди, турмуш ўртоғи ёки бошқа яқин қариндошлари нотариал ишончномаларсиз бошқариши мумкин. Бунда талаб шуки, транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари транспорт эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган бўлиши керак.
Диққат: муддатлар! Қонунда ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши кўрсатилган. Айтайлик, ишончнома 20 апрел куни имзоланди, бироқ қайси вақтгача амал қилиши белгиланмаган. Бундай ҳолда ишончнома бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди.
Ёдда тутинг! Берилган санаси кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас деб топилади.
Яна бир гап: ишончнома берган шахс истаган вақтда ишончномани бекор қилиш ҳуқуқига эга. Худди шу каби ишончнома берилган шахс ҳам ўзи хоҳлаган вақтда ундан воз кечиши мумкин. Аввалбошдан “Сен ҳам мен ҳам ишончноманинг муддати тугамасидан олдин воз кечишимиз мумкин эмас”, деб келишиб олишса ҳам фойдаси йўқ. Чунки бундай келишув ҳақиқий эмас, деб топилади.