69 ko'rilgan
Ҳомила нега тушади?



Ҳомила тушиши ва кичик ёшда гўдакларнинг вафот этиши замонавий тиббиётнинг долзарб масаларидан бири. Баъзан бу вазиятларнинг аниқ сабаби топилмаган ҳолатлар ҳам учраб туради.

Ҳомила нега тушади?

Уруғланиш жараёни ёки эмбрион ривожланиши (биринчи уч ойлик)да нуқсонлар: аёлнинг касаллиги, дори-дармонлар, эркакнинг соғлиғи кабилар.

Эндокрин тизим фаолияти бузилиши ва гормонал етишмовчилик: қалқонсимон без етишмовчилиги ва жинсий гормонлар ишлаб чиқарилиши (прогестерон гормони ҳомиланинг яхши ривожланиши ва она бачадонида мустаҳкамланишига ёрдам беради) бузилиши.

Инфекциялар: жинсий йўл билан юқувчи ва ТОРЧ-инфекциялар ҳомиланинг нуқсонли туғилиши ёки ривожланишдан тўхташига сабаб бўлади.

Бачадонда анотомик ёки орттирилган патология бўлса: икки шоҳли ёки ривожланмаган бачадон, бачадон бўйни етишмовчилиги, аборт, киста, миома, яллиғланишлар, эрозия ва ҳомиланинг нотўғри жойлашиши.

Иммун сабаблар: она қонининг резус-омили манфий бўлса, она организми ҳомилани ёт жисм сифатида қабул қилиб, чиқариб ташлашга ҳаракат қилади. Кўпинча ҳомила ўғил бўлганда, организм бу қаршиликни кучайтиради.

Руҳий эмоционал ҳолат: асабийлашиш, қўрқув, кучли ҳаяжон.

Жароҳат оқибатида: аёл ва ҳомилага зарар етадиган даражада шикастланиш, лат ейиш.

Табиий танланиш

Ҳомила тушиш хавфи гинекологик муаммо, касаллик ва жароҳатланиш натижасида юзага келганда, ҳомилани сақлаб қолиш учун даво чораларини кечиктирмаслик лозим. Баъзан ҳомила тушиш хавфи кузатилаётган аёлнинг соғлиғидан шикояти бўлмайди.

Бунда она организми ҳаётий фаол аъзоларида нуқсонлар билан ривожланаётган эмбрионни табиий туширишга ҳаракат қилаётган бўлади. Шундай ҳолатларда керакли текширувлар ўтказилади. Шифокорлар кенгашида ҳомилани сақлаш ёки сақламаслик масаласи кўрилади.

Ирсий касалликлар

Аёл илк ҳайз кўрган вақтдан тухум ҳужайра ривожланишни бошлайди.

Аёл ҳомиладор бўлгунига қадар бошдан кечирган касалликлари, зарарли ташқи таъсирлар тухум ҳужайранинг сифатини ўзгартириши мумкин.

Бу ҳужайра ҳомила пайдо бўлиши учун асос вазифасини бажаради. Асос соғлом бўлмаганда, соғлом фарзанд кутиш ақлга сиғмайди.

Эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳда ҳам генлар мутацияга учраб, ирсий касалликларга мойилликни оширади.

Кўпгина ирсий касалликлар она хромосомалари орқали ўғил фарзандга берилади. Улар орасида бир жинсга боғлиқ бўлганлари ҳам бор.

Масалан, гемофилия касаллиги кўпинча ўғил фарзандларнинг нобуд бўлишига сабаб бўлади. Кучли жинс вакилларининг касалликка мойиллигини унутмаслик керак. Табиатан қизлар ўғил болаларга нисбатан яшовчан, чидамли бўлади.

Ҳомила тушиши, кичик ёшдаги гўдакнинг нобуд бўлиши бир мартадан кўп кузатилганда, албатта, уларни тиббий генетик маслаҳатхонада текширтириш билангина сабабларини аниқлаш мумкин.

Зумрад СОБИРОВА, гинеколог

Ҳомила тушиши кузатилса…

Аксарият ҳолларда туғилмай туриб, нобуд бўлган болани гистологик таҳлилдан ўтказиш буюрилади. Балки наслий касалликларга мойиллик аниқланар. Эр-хотиннинг туғилган болалари бўлса, улар билан биргаликда генетикка мурожаат қилиб, бир қанча текширувлардан ўтиб, таҳлил топширишлари тавсия этилади. Шундан сўнг аниқ бир хулосага келиш мумкин.
Bu mavzu Sog`lik va salomatlik bo'limida 16 Noy, 23 da maqola yozgan. | 69 ko'rilgan