Менежерлик сертификатлари қайси мактаб директорлари учун талаб этилмайди?
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 декабрда қабул қилинган 681-сонли қарори билан “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Қарорга кўра 2024 йил 1 январдан бошлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаси директори давозимига номзодларни менежерлик ўқув курсида ўқитиш ва менежерлик сертификати бериш тартиби жорий қилинмоқда.
Бунда мактаб директорлигига номзодлар фақатгина менежерлик сертификатига эга бўлганлар ва шу сертификат асосида тегишли заҳирага киритилган талабгорлар орасидан тайинланади.
Низомга кўра мактабларда ишлаб турган директорлар ҳам ҳар 5 йилда бир маротаба ушбу қарор талабларига кўра менежерлик сертификати олишлари талаб этилади. Бунда менежерлик сертфиикати олган директорлар 3 йил давомида малака ошириш курсларидан озод этилади.
Савол туғилади, қайси давлат умумтаълим мактаблари директори лавозимлари учун менежерлик сертификатига эга бўлиш шарт эмас?
▪️681-сон қарор билан тасдиқланган Низомнинг 4-бандига кўра:
➖Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар;
➖Жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари;
➖Санаторий туридаги ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари;
➖Алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаблардаги директорлик лавозимлари учун менежерлик сертификатлари талаб этилмайди.