ҲОМИЛАДОР АЁЛЛАРНИНГ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ МИҚДОРИНИ КАМАЙТИРИШ ТАҚИҚЛАНАДИ
САВОЛ.
Менинг 6 ойлик ҳомилам борлиги сабабли ишлашда бироз толиқиб қийинчилик бўлмоқда. Бўлим бошлиғим чақиртириб ярим ставкага ўтишимни айтишмоқда. Бундай қилсам 126 кунлик касаллик варақамга чиқадиган ҳақим камайиб кетади. Ярим ставкага ўтишга мажбурманми?
ЖАВОБ.
Умуман мажбур эмассиз. Меҳнат кодексининг 392-моддасига кўра ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ишга қабул қилишни рад этиш ёки меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини камайтириш тақиқланади.
Агар сизнинг соғлиғингизда ҳомиладорлик сабабли муаммолар юзага келаётган бўлса, ҳудудий тиббиёт муассасангиз шифокорига учрашиб, бу ҳақида тиббий хулоса олинг.
Олинган тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда камайтирилади ёки улар енгилроқ ишга ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади. Ишлаб чиқариш нормаларини камайтириш, шунингдек вақтинча бошқа ишга ўтказиш муддатлари тиббий хулосага мувофиқ белгиланади. Ҳомиладор аёлга енгилроқ иш ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан холи бўлган иш бериш масаласи ҳал этилгунига қадар, у бунинг оқибатида қолдирилган барча иш кунлари учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим (МК 394-модда).
Агар хоҳласангиз, тиббий хулосангизни илова қилиб ёзма илтимоснома ёки ариза берган ҳолда сизнинг илтимосингизга ҳамда меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра, сизга иш берувчингиз тўлиқсиз иш вақти (тўлиқсиз иш куни (смена) ва (ёки) тўлиқсиз иш ҳафтаси, шу жумладан иш кунини қисмларга бўлган ҳолда) белгилаши шарт. Тўлиқсиз иш вақти ҳам муддати чекланмаган ҳолда, ҳам меҳнат шартномаси тарафлари келишган ҳар қандай муддатга белгиланиши мумкин. Лекин тўлиқсиз иш вақти шартларида ишлаганда ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш у ишлаб берган вақтга мутаносиб равишда ёки у бажарган ишнинг ҳажмига қараб амалга оширилади. (МК 186, 398-моддалар).