Синфда давомат кам бўлса, синф раҳбарга чора кўриладими?
@Yurist_Xizmati 4292-савол:
Assalomu aleykum! Men o'qituvchiman 30 yillik stajim bor. 11 sinf rahbariman.Hozirgi kunda bitiruvchi sinflarning eng katta muammosi davomat bo'lib qoldi.Shu sababli meni sinfimda ham davomat to'liq bo'lmayapti.Qancha ota onalarga murojaat qilishimga qaramay davomat masalasini hal etolmayapman. Davomat tufayli direktor meni ustamamni to'xtardi va 30 % oyligimdan ushlab qoldi. Har safar davomat orqasidan oyligingni kesaman, 100 modda bn ishdan haydayman deb menga popisa qilayapti qanday yo'l tutishim kk. Har safar shtraf to'lashga yolg'iz onaman, 2ta farzandim bor, voyaga yetmagan qizim bor. Katta farzandimni egizak bolalari bor, 13 mln kontrakti bor. Maslahat bering. Meni oyligimni olishga, ishdan bo'shatishga haqqi bormi? Sinfni topshiraman desam, darsni ham topshir deydi. Bugun esa yana oylikdan 50% jarima dedi
ЮРИСТ ЖАВОБИ:
❌ Бу ҳолатда синф раҳбарига нисбатан интизомий таъсир чораси қўллаш нотўғри.
1️⃣ Биринчидан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 27.06.2023 йилдаги 190-сонли буйруғи билан тасдиқланган умумий ўрта таълим муассасаси синф раҳбарининг йўриқномасига мувофиқ синф раҳбари синфдаги давоматни назорат қилиши, бу ҳақида ота-оналар билан боғланиб, келмаганлик сабабларини аниқлаши ва мактаб раҳбариятига ахборот киритиши керак.
Ушбу буйруқнинг 1-иловаси ҳамда Халқ таълими вазирлигининг 01.07.2021 йил 206-сонли буйруғига асосан ММИБДЎнинг лавозим мажбуриятларидан бири бу синф раҳбарларининг фаолиятини ташкил этиш, ўқувчиларининг давоматларини назорат қилиш ҳисобланади.
♂️ Юқоридаги қоиданинг мазмунига кўра синфдаги давомадни таъминлашга синф раҳбари жавобгар эмас. У давомадни ўз вақтида амалга ошириб, дарсга келмаган ўқувчилар ҳақида юқоридаги мажбуриятини бажариши кифоя.
2️⃣ Иккинчидан, Меҳнат кодексининг 269-моддасига кўра умумий қоидага кўра ходимнинг ёзма розилиги билан, ходимнинг розилиги бўлмаган тақдирда эса ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин. Ходимнинг розилигисиз, унинг иш ҳақидан ушлаб қолиш асослари ичида сиздаги ҳолат мавжуд эмас.
❗️Шундай экан сизнинг иш ҳақингиздан фақат суднинг қарорига мувофиқ ушлаб қолиниши мумкин.
3️⃣ Учинчидан, Ота-оналарга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 47-моддасига асосан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши:
базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
❗️Шунга кўра, боласини мактабда юбормаган ота-оналарга юқоридаги модда билан жарима қўлланилади.
Бу ҳолатда иш берувчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига биноан мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
❗️Сизга мазкур ҳолатда туман адлия бўлимига мурожаат қилиш орқали улардан бузилган ҳуқуқларингизни тиклашда амалий ёрдам сўрашни тавсия қиламиз.