65 ko'rilgan
#Биласизми

‼️Майнинг фаолияти билан шуғулланиш қонунчилик билан тартибга солинган  

Адлия вазирлиги томонидан “Майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисида”ги низом давлат рўйхатидан ўтказилган.

 Ушбу низом билан майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш ҳамда унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланган.

 Бунда талабгор (майнинг билан шуғулланиш мақсадида рухсатнома олиш учун мурожаат қилувчи юридик шахс) рухсатнома олиш учун ахборот тизимига Ягона идентификация тизими (OneID) орқали кириб, аризани электрон равишда тўлдиради.

 Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ваколатли орган) томонидан рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза ва белгиланган маълумотлар ҳамда ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган кундан эътиборан 20 кун ичида қабул қилинади.

 Аризани кўриб чиқиш ҳамда рухсатнома расмийлаштириш учун йиғим ундирилмайди. Рухсатнома 5 йил муддатга берилади.

 Рухсатнома ваколатли орган томонидан қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир кун ичида QR-код қўйилган ҳолда электрон ҳужжат тарзида расмийлаштирилади.

✅ Майнинг фаолияти фақат юридик шахс томонидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

▶️ Майнерлар истеъмол қилинган электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасини ўрнатиб, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ягона электр энергетика тизимига уланиши мумкин.

 Рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун  маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

⚠️ Шунингдек, электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисобга олиш асбобларига, уларнинг пломбаларига шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш ўғрилик ёки оз миқдорда талон-торож қилиш сифатида баҳоланиб, жавобгарликка сабаб бўлади.
Bu mavzu Sud va huquqiy maslaxatlatlar bo'limida 20 Dek, 23 da maqola yozgan. | 65 ko'rilgan