249 ko'rilgan
Соҳада юз бераётган баъзи ижобий ўзгаришларни тан олган ҳолда инсофли илмий доираларимизни ҳали-ҳамон қийнаб келаётган масалаларни ёритиш учун 5та долзарб нуқтага эътиборингизни қаратаман: Дунё давлатлари орасида беллаша оладиган замонавий кадрлар тайёрлашни олдинга суряпмиз, аммо олимларимизнинг аксарияти чет элни кўрмаган. Академик даражани дунё стандартларига чиқаришни ўйлаяпмиз, аммо университетларимиз нуфузли чет эл олий даргоҳлари билан ҳамкорликдаги, эркин ўтадиган конференциялар (илмий алмашинувлар) ўта кам. Олимларимиздан чет эл журналларида мақолаларни кўпайтиришни талаб қиляпмиз. Бироқ улар ўз устиларида ишлай олишлари учун ҳатто шахсий кабинетлари йўқ. Бундан ташқари, улар ҳужжатбозликка кўмиб ташланган. Кадрларимиз тез ўзгараётган дунёга мос бўлиши ва келиб чиқаётган муаммоларга конструктив руҳдаги илмий ечимларни ўртага ташлашидан умид қиляпмиз. Аммо университет ўқитувчиси ҳатто ўзи ўтаётган семинар ёки маъруза матнини ўзи эркин шакллантира олмайди. Дунёдаги энг кучли 500та университет рўйхатини тузиб, уларнинг дипломларини тан олишимизни билдирдик. Бу жуда яхши. Аммо ватанига катта умидлар билан қайтаётган ёш ватандош олимларга йўл бермаяпмиз, уларнинг интеллектуал мулкини, илмий ижодининг бир қисмини ректор ва кафедра бошлиқлари ўзлаштириб олишаётгани ҳолатлари учрамоқда... Энди батафсилроқ изоҳлаб бераман. Биринчи нуқта. Тасаввур қилинг: Билағон Олимов исмли ёш, чет тилини яхши ўзлаштирган кафедра ўқитувчиси Нидерландияга халқаро симпозиумга маърузачи сифатида таклиф қилингани ҳақида хат олади. Нидерландиянинг Тошкентдаги элчихонаси унга виза беришга рози. Симпозиум ташкилотчилари ҳатто чипта ва меҳмонхона харажатларини кўтаришга ҳам тайёр. Олимов эса ҳам хорижни кўради, ҳам ўзининг илмий алоқаларини кенгайтиради, ҳам юртимиз илм-фанини чет элга танитади. Қандай яхши! Аммо шошилманг, азиз ўқувчи. Университет раҳбарияти бундай ҳолатда қандай йўл тутади, деб ўйлайсиз? Рухсат бериб, керак бўлса ходим чўнтагига университет фондидан пул ҳам солиб, аэропортдан кузатиб қўяди деб ўйлайсизми? Минг афсуски, аксарият университетларимизда аҳвол бундай кўркам эмас. Авваламбор, кўпгина университетларимиз маълум бир вазирликлар қошида тузилгани учун университет ўқитувчиси нафақат ректоратдан, балки вазирликдан ҳам рухсат олиши керак. Амалда ректор ва вазирликлар рухсатни осонгина бермайди. Бунда аллақандай ички йўриқномалар борлиги пеш қилинади. Қўшимча тарзда, одат бўйича «нега айнан сизни таклиф қилишди, нимага ҳар сафар сиз боришингиз керак, бошқалар ҳам бор-ку, улар ҳам борсин» деган сўзлар айтилади. Раҳбариятга алоқадор ходимларнинг симпозиум ва конференцияларга жўнатилиши кўпроқ кузатилади, ёш тадқиқотчилар эса камдан-кам юборилади. Тажрибамда кузатганман – бир қанча ёш тадқиқотчилар учун чипталар олинганига қарамасдан университет раҳбарияти эътирози билан чет эл сафарлари бекор бўлган. Бундай «амалиёт» натижасида кўплаб иқтидорли ёшлар ишлаётган жойида «қоровул» бўлиб қолишади. Икки-уч йил орасида дунёда бўлаётган илм-фан ривожидан бехабар, четда қолиб кетишади. Билганларини «билимнинг энг мукаммали» деб ўзларини алдаб юраверишади. Ўз устида ишлаб, ҳаракат қилаётган, чет тилини билган, соф илмий грантлар асосида чет элга бормоқчи бўлганларга муносабат шундай бўлса, олдимизга юксак марраларни қўя оламизми? Хорижий университетларда бу ишлар қандай ташкил этилган? Мисол учун, Япония университетларида чет элга чиқмоқчи бўлган ходим деканатга «чет элга чиқиш аризаси» деган бир парча қоғозни топширади. Бу мазкур ўқитувчининг қаердалигини расмийлаштириб қўйиш, ҳисобини юритиш ва унинг дарсларини деканатдагилар қайси жадвал асосида қайта кўриб чиқиши учун керак, холос. Бунда ўқитувчига рухсат бериш ёки рухсат бермаслик ҳақида умуман гап-сўз йўқ. Қандайдир «суҳбат» ҳақида умуман гап бормайди. Кафедра мудири, декан ёки ректор сиздан «чет элдан ҳадя» кутмайди. Шунча йил Японияда ишлаб, шу пайтгача бирорта университет ўқитувчига чет эл сафарига рухсат бермаганини эшитмадим. Профессорлар семестр ўртасида ҳам кетаверишади, дарсларини кейинга суриб, қайтиб келганларидан кейин бошқа вақтда ўтиб беришади. Ўзим ҳам бундай имкониятдан йилда камида 2-3 бор фойдаланаман. Университет раҳбарияти конференциялар доимо ҳафта охирида ёки ёзги таътилда бўлавермаслигини эътиборга олиб, ҳар қандай пайтда ходимини қўйиб юборади. Зеро, Япониядаги университетлар раҳбарлари ўз профессори чет элга чиқиб, илмий мақолалар ёзса университетнинг дунё университетлар рейтингидаги даражаси янада кўтарилишини тушунади. Таклифим – университет раҳбарияти ўқитувчиларни чет эл сафарларидан ушлаб қолишини маън этиш лозим. Улар чет элдаги симпозиум ва конференцияларга (лозим бўлса қисқа ва узоқ муддатли илмий алмашинувга ҳам) қатнашишга тарғиб қиладиган, «биздан нима ёрдам?» дейдиган ҳолатга ўтишлари керак. Шундагина ҳолат ўзгариши мумкин. Иккинчи нуқта. Академик даражани дунё стандартига чиқаришни ўйлаяпмиз. Бундай мақсадга эришишда юртимиздаги университетлар кўплаб конференцияларга мезбонлик қилиши ва шу орқали университетларда кучли халқаро илмий муҳитни вужудга келтириши лозим. Кузатувларим натижасини айтишим мумкинки, кўпгина конференциялар бизда айнан раҳбарлар томонидан ташкил этади. Чет элда эса бундай илмий тадбирларни доимий фаолият кўрсатадиган турли илмий уюшмалар ташкил қилишади. Яъни, олимларнинг ташаббуси билан уюштирилади илмий конференциялар. Бизда эса ундай эмас. Нега? Билмайман. Шуниси эътиборлики, Ўрта Осиёдаги энг кўп халқаро илмий анжуманлар қўшни Қирғизистон ва Қозоғистон республикаларида бўлиб ўтади. Бизда эмас. Нега бизда доимо давлат шерикчилиги бўлиши, қайсидир давлат органи халқаро конференцияларга аралашиши лозим? Аччиқ ҳақиқат шуки, биз аллақачон академик устунликни қозоқ дўстларимизга бериб бўлганмиз. Қозоқ олимларининг илмий монографиялари аллақачон дунёдаги энг кучли нашриётларда ўз ўрнини эгаллаган. Қозоқ талабаларининг Кембриж университетида ҳатто ўз жамиятлари мавжуд. Буни илмий мард-у майдон дейдилар, «менинг илмим энг зўри» деб юрмасдан, ўзимизга танқидий қарашимиз, «мен билмаган илм яна қаерда бор ва қаерга бориб ўргансам бўлади» деган ёндашувга ўтишимиз керак. Ахир ўрта асрлардаги етук олимларимиз илм истагида юртларни кезишган. Биздаги каби «мен профессорман, докторман, дипломим бор» деб ўз устида ишламасдан юраверишмаган-ку? Шунинг учун ҳам уларни ҳозиргача бутун дунё тан олади. Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳозирда Ўрта Осиёга тааллуқли энг машҳур илмий анжуманлар ўтказилади. Нурсултон (олдинги Остона), Олмаота ва Бишкек шаҳарлари уларга жон-кўнгилдан мезбонлик қилишади. Қозоқ ва қирғиз олимлари ва талабаларининг илмий савияси эса кундан-кунга юксаляпти. Шунинг учун, давлат университетларимиз вазирликларнинг назоратидан чиқиши, уларнинг илмий эркинлиги таъминланиши лозим. Яъни: — университетларимиз ўз анъанасига эга бўлган, халқаро даражада тан олинган илмий уюшмаларнинг йиллик ёки икки йиллик анжуманларига айнан Ўзбекистонда мезбонлик қилишга жиддий даъвогарликни бошлашлари ва шу орқали илмий салоҳиятимизни юксалтиришлари лозим; — бундан ташқари, тор доирадаги воркшоп ва семинарлар учун ортиқча бюрократик талабларни олиб ташлаш, кўзга кўринмас тўсиқларни йўқ қилиш лозим; — юртимиз университетларида хорижлик олимлар қисқа муддатга (1-3 ой) ва узоқ муддатга (3 ойдан 1 йилгача) келиб илмий иш қилишлари учун дастурлар ташкил этиш даркор. Тошкентнинг номдор университетларидан баъзилари бундай дастурни аллақачон бошлаганликлари қувонарли, албатта, аммо бу кам. Вилоятлардаги университет ва институтларда эса ҳолат умуман ёмон. Учинчи нуқта. Академик (илмий) эркинликни тор маънода тушунмаслик лозим. Олим ёки тадқиқотчи ҳақиқий маънода эркин бўлиши лозим, бунинг учун эса унинг моддий-техник таъминоти ҳам «жойида» бўлиши керак. Шу ерда йўқотиб қўйган бир қадриятимизни алам билан тилга олсам. Қачон Бухоро ёки Самарқандга борсам ичим зил кетади. Сабаби, ўша пайтлардаги мадрасаларимизда (ўрта асрлар илм ўчоқларида) ҳар бир мударрисга алоҳида ҳужра берилган. Ҳозирги замонавий тил билан айтганда «профессор кабинети». У ерда мударрисларимиз хоҳлаганча қолганлар, и
Bu mavzu Ta'lim bo'limida 25 Apr, 19 da maqola yozgan. | 249 ko'rilgan
Жуда тугри айтасиз Олий окув юртлари вазирликка купол килиб айтганда карам булиб колган. Озлари мустакил иш юрита ололмаётир. Шунинг натижасида чеклов ва тосиклар пайдо булмокда. Бу чекловлар эса уз навбатида порахурликни келтириб чикармокда. Асл бало шу ПОРАХУРЛИК...

No Related Blog Posts