❓ Енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун субсидия
Бу субсидия тури ишсиз, кам таъминланган ёки камбағал оилалар аъзоси бўлган томорқа ер эгаларига берилади. Улар енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш ва/ёки уруғликлар, кўчатлар ёхуд суғориш воситалари харид қилиш учун субсидия ажратиш бўйича тавсия беришни сўраб ўзининг доимий яшаш манзилидаги ҳоким ёрдамчисига ёки “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали мурожаат қилиши мумкин.
Аризада томорқа ер эгасининг фамилияси, исми ва отасининг исми, доимий яшаш манзили, паспорт серияси ва рақами (ID-карта рақами), ишсиз, кам таъминланган ёки камбағал оила аъзоси эканлиги, томорқа ерга эгалик ҳуқуқи мавжудлиги ҳамда сўралаётган субсидиянинг тури кўрсатилади.
Аризада қайд этилган маълумотлар ҳаққонийлиги учун томорқа ер эгаси шахсан жавобгар ҳисобланади.
Ушбу субсидия туридан фойдаланиш ҳуқуқи ҳар бир оилага фақат бир марта берилади.
❓ Қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиш учун субсидия
Субсидия ишсиз, кам таъминланган оиланинг аъзоси ёки ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларга берилади. Улар қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил этиш ёки қишлоқ хўжалиги кооперативига ихтиёрий аъзо бўлиш учун субсидия ажратиш бўйича тавсия беришни сўраб ўзининг доимий яшаш манзилидаги ҳоким ёрдамчисига ёки “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали мурожаат қилиши мумкин.
Агарда таъсисчилар сони икки ва ундан ортиқ бўлса, уларнинг бирининг доимий яшаш манзилидаги ҳоким ёрдамчисига ёки “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали мурожаат қилинади.
Аризада ишсиз шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, доимий яшаш манзили, паспорт серияси ва рақами (ID-карта рақами), ишсиз, кам таъминланган ёки камбағал оила аъзоси эканлиги, ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келганлиги ва қишлоқ хўжалиги кооперативининг қайси фаолият тури билан шуғулланишини ҳамда сўралаётган субсидиянинг базавий ҳисоблаш миқдори кўрсатилади.
Ушбу субсидия туридан фойдаланиш ҳуқуқи бир марта берилади.
Аризада қайд этилган маълумотлар ҳаққонийлиги учун ишсиз шахс шахсан жавобгар ҳисобланади.