Агар уйда аёл бўлмаса
Таралмайди райҳон ифори,
Гул ўсмайди Гулсиз ифори.
Хазон бўлар эркак баҳори,
Агар уйда аёл бўлмаса.
Татимайди еган нонингиз,
Эл ичида йўқдир шонингиз.
Кимга керак иссиқ жонингиз,
Агар уйда аёл бўлмаса.
Кулиб боқмас тунлари ой ҳам,
Ёстиқ бошга ботаркан бирам.
Нега бунча ғам устига ғам,
Агар уйда аёл бўлмаса.
Армонларни ичга ютарсиз,
Зор энтикиб зимдан кутарсиз.
Бахт нелигин билмай ўтарсиз,
Агар уйда аёл бўлмаса.
Боласиз уй мозор дейдилар,
Отанг онанг бозор дейдилар.
Бор дунёйинг бекор дейдилар,
Агар уйда аёл бўлмаса.
Кундуз қуёш тунда ой кулар,
Хотин бор эр элда бой бўлар.
Сўққабошнинг ҳоли вой бўлар,
Агар уйда аёл бўлмаса.
Бир кун сочга оқ ҳам оралар,
Қаддингиз ҳам бир кун эгилар.
Хаста қўлга ким асо тутар,
Агар уйда аёл булмаса!