197 ko'rilgan
.

БИЗ  ҚАРИЯПМИЗ, ДЎСТИМ...

Неваралар исмини тез  унутиб  қўясан.

Бир коса ош қаёқда, ярмига ҳам тўясан.

Гап кўтара оламайсан,  салга қовоқ уясан.

Бу  ёшликнинг охири, кексаликнинг бошидир.

Иккита гап ортиқча, биттаси камлик қилар.

Бир яримта гап топмай фарзандинг  хуноб  бўлар.

Насиҳатинг, гапларинг ҳеч кимга ёқмай қолар.

Бу ёшликнинг охири, кексаликнинг бошидир.

Қўйган нарсанг тополмай  хонангда  гирёнасан.

Кўзойнаксиз  бир қарич  чокни ҳам  тиколмайсан

Китоб  очсанг  ҳарф сакрар, биттасин тутолмайсан.

Бу  ёшликнинг охири,  кексаликнинг бошидир.

Қулоқ сал оғирлашиб гап эшитмай қоларкан.

Билакларинг чойни ҳам кўтаролмай толаркан.

Ажин тушиб юзингга, нақш олмалар сўларкан.

Бу  ёшликнинг охири,   кексаликнинг бошидир.

Кеча еган овқатинг эсгинангда турмайди.

Чаққонгина оёқлар энди тез- тез юрмайди.

Кўксингдаги юрагинг бир маромда урмайди.

Бу ёшликнинг охири, кексаликнинг бошидир.

Ғайратинг бор, кучинг йўқ, мўлжалингда қанча иш.

Ҳовлига чиқасану қилолмайсан бир юмуш.

Хаёлда битирасан супур, сидир, кир ювиш.

Бу  ёшликнинг охири,   кексаликнинг бошидир.

Қон босими ўйнайди, оёқ оғрийди тинмай.

Ўтирсанг туролмайсан хонтахтага   тиранмай.

Сал  шовқиндан қулоғинг  шанғиллар мисли карнай.

Бу ёшликнинг охири, кексаликнинг бошидир.

Бир вақт ёққан елвизак касал жойга тегади.

Илиқ сувни ичсанг ҳам дарров йўтал тутади.

Юрак,  жигар,  буйраклар ўзини эслатади.

Бу ёшликнинг  охири,  кексаликнинг бошидир.

Баланд пошна туфлилар аста секин паст бўлар.

Шиппак, махси, калишлар энди сенга дўст бўлар.

"Дард ёмони қарилик" деган ҳикмат рост бўлар.

Бу ёшликнинн охири, кексаликнинг бошидир.

Ёшликда тотли луқма фарзандларга тутасан.

Энди улар тутади, зўрға чайнаб ютасан.

Қўша тиллаларингни тақмайсан, унутасан.

Бу  ёшликнинг охири, кексаликнинг бошидир.

Ҳар ойда келадиган нафақангни кутасан.

Санаб, эҳтиёт қилиб дастрўмолга тугасан.

Юз минг марта йўқотиб, юз минг марта топасан.

Бу  ёшликнинг охири,  кексаликнинг бошидир.

Шу кунларга етказди, Аллоҳимга минг шукр.

Ким етди, ким етмади? Дам олинг, қилинг ҳузур.

Ёзгим келганди, ёздим. Ёқмаса минг бор узр.

Бу ёшликнинг охири,  кексаликнинг бошидир.

Йўғе, тенгдош, бу ахир  кексаликнинг ўзику!
Bu mavzu San'at va madaniy hordiq bo'limida 08 Noy, 23 da maqola yozgan. | 197 ko'rilgan

O'xshash maqolalar bilan tanishing

SHoira Gaybullaeva Bu mavzu Oila va turmush bo'limida 17 Noy, 23 da maqola yozgan. | 131 ko'rilgan
SHoira Gaybullaeva Bu mavzu San'at va madaniy hordiq bo'limida 28 Yan da maqola yozgan. | 313 ko'rilgan
SHoira Gaybullaeva Bu mavzu San'at va madaniy hordiq bo'limida 11 Noy, 23 da maqola yozgan. | 240 ko'rilgan
SHoira Gaybullaeva Bu mavzu San'at va madaniy hordiq bo'limida 10 Noy, 23 da maqola yozgan. | 231 ko'rilgan