Эридан рухсат сўрамай чиққан аёл то уйга қайтиб, тавба қилмагунча фаришталар уни лаънатлайдилар.
Ота-она, ака-уканинг ҳаққи ҳам эрнинг ҳаққидан устун бўлмайди.
Эрнинг аёлдаги иккинчи ҳаққи фақат эрининг розилиги билан кўчага чиқишдир. Аёл киши асосий вақтини уйда ўтказади. Мантиқан ўйлаб қаралса ҳам, уй аёл кишининг фитрати ва табиатига мос бўлган фаолият майдони ҳисобланади. Эркак киши кўчада иш қилади, чунки пул топиш, рўзғор тебратиш учун масъул. Ўз-ўзидан болаларни парваришлаш учун, уларни едириб-ичириш, кийим-кечакларини ювиш, дазмоллаш учун аёл киши уйда бўлиши керак. Эрнинг бунга вақти бўлмайди. Қолаверса, уйда болаларга қараш, кийимини тозалаш, таомини қилиб бериш, уй вазифасига ёрдам бериш, эрталаб нонуштасини ҳозирлаш, ўқишга кузатиб қўйиш ва ҳоказолар табиатан аёл кишининг фитрий вазифаларидандир.
Бу нарса нафақат Ислом шариатида, балки бутун дунёда бор. Ғарб оламида ҳам ўзини билган аёллар мана шу ишларни ўзига вазифа деб билади. Болаларидан, эридан эрта уйғонади, нонушта тайёрлайди, болаларни ювинтириб, кийинтириб, ўқишга кузатиб қўйишини ўзининг вазифаси деб билади. Ўқишдан келганда болалар учун яна таом тайёрлаган бўлади. Бу фақат мусулмон аёл эмас, умуман ҳар бир аёлнинг вазифасидир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда аёлларга қарата «уйларингизда қарор топинг» деб буюрган. Аммо бу оятни нотўғри тушуниб оладиганлар бор. Бирлари аёл умуман кўчага чиқмасин, уйда ўтирсин дейди. Яна бирлари аёл кўчада ишлаб, пул топиб келсин дейди.
Аёл киши зарурат бўлса албатта чиқади, фақат эридан рухсат сўраб чиқади. Қаранг, Набий алайҳиссалом нима деяптилар? «Эрнинг ўз хотини устидаги ҳаққи рухсатсиз уйидан чиқмаслигидир. Агар шундай қилса, яъни эрнинг изнисиз кўчага чиқиб кетса, то тавба қилмагунича ёки уйга қайтмагунча бу аёлни ҳамма нарса лаънатлайди». Эътибор беринг, эридан рухсат сўрамай чиққан аёл то уйга қайтиб, тавба қилмагунча фаришталар уни лаънатлаб турар экан. Бугун эса аёллар атайлаб, эрининг жиғига тегиш учун сўрамасдан кўчага чиқишни ўзларига урф қилиб олмоқда. Аёл эрининг ҳақини ўз ҳаққидан ва ҳамма яқинларининг ҳаққидан ҳам устун қўйиши керак. Ота-она, ака-уканинг ҳаққи ҳам эрнинг ҳаққидан устун бўлмайди. Эрнинг ҳаққини ҳамманинг ҳаққидан устун қўймагунча аёл солиҳа бўла олмайди.