Мен ўзимни таништирай, дўст,
Мен кўксини керган ўзбекман.
Тарих неча кун кўрган бўлса,
Ўша ёшга кирган ўзбекман!
Хув ўтмишнинг олис жойида,
Сув симирган Энасойида...
Тўмариснинг мағрур пойида
Ал-қасос деб турган ўзбекман.
Кўтаролмам юрт савдосини,
Кечиролмам бул хатосини...
Чўпон бўлиб, ёв подасини
Широқ каби қирган ўзбекман!
Спитамен тўсган ерларга,
Ёв киролмай тўзган ерларга,
Юртин бермай Искандарларга,
Кулиб жонин берган ўзбекман.
Эй сайёҳ, не йўллар юргансан,
Кел, иймонни мендан ўрган сан -
Билмадим, сен кимни кўргансан,
Бухорийни кўрган ўзбекман!
Замахшарнинг чекка элидан
Бир зот чиқди ирфон йўлидан -
Арабларга араб тилидан
Дақиқ сабоқ берган ўзбекман!
Ал-Беруний кафтида уммон,
Олислардан таралган армон.
Уммонорти бормикан, дебон
Ўю хаёл сурган ўзбекман!
Мағрур Жалолиддин борида
Замин йиғлар эди қаърида...
Темурбекнинг оқ тулпорида
Хитой қадар борган ўзбекман!
Мир Алишер - қалам қўлида
Мағрур ўтди умр йўлида!
Қушлар билан қушлар тилида
Ажиб суҳбат қурган ўзбекман!
Бобур каби тутинсам йироқ,
Юрагимни ўртаган фироқ.
Ҳинд элига тортиқ ўлароқ
Тожмаҳални қурган ўзбекман!
Айтиб берсам ўткан кунларим,
Чўлпонларни ютган кунларим.
Қодирийси битган кунларим,
Оҳу фарёд урган ўзбекман!
Ёт сойида оқмагум асло,
Ёт зуннорин тақмагум асло.
Ёт ризқига боқмагум асло,
Ўз ризқини терган ўзбекман,
Бухорийни кўрган ўзбекман!!!