104 ko'rilgan
ПЕНСИОНЕРЛАРГА ЕР СОЛИҒИДАН ИМТИЁЗ БЕРИЛАДИМИ

     ✳️ Савол: Сизлардан бир нарсани сЎрамоҚчи эдим, Маълумки ҳозирда ер ва мол-мулк солиҳи учун 50% чегирма-имтиёз белгиланган пенсионерлар ва бир катор шахсларга. Саволим, биз оддий пенсионерлар хам ушбу имтиёздан фойдаланиш хукукига эгамизми?

Мен карийб 30 йилдан ортиқ педагогика соҳасида фаолият юритдим, ўқитувчи бўлиб ишладим.

Батафсилрок жавоб берсангиз, жавоб учун олдиндан рахмат.

     ✅ Жавоб: Солиқ кодексининг 436-моддасида жисмоний шахсларга белгиланган ер солиғидан имтиёзлар кўрсатиб ўтилган. Унга кўра:

     "Солиқдан қуйидагилар озод қилинади:

     1) «Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган фуқаролар. Мазкур имтиёз «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, Совет Иттифоқи Қаҳрамони ва Меҳнат Қаҳрамони дафтарчалари, орден дафтарчаси ёки мудофаа ишлари бўлимининг маълумотномаси асосида берилади;

     2) уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонунчилик билан белгиланадиган, уларга тенглаштирилган шахслар. Ушбу имтиёз уруш ногиронининг (қатнашчисининг) тегишли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўйича бўлимнинг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида, ногиронлиги бўлган бошқа шахсларга (қатнашчиларга) ногиронлиги бўлган шахснинг (қатнашчининг) имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномаси асосида берилади;

     3) I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади;

     4) ёлғиз пенсионерлар. Ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногиронлиги бўлган боласи билан бирга алоҳида уйда яшовчи пенсионерлар ёлғиз пенсионерлар деб тушунилади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси, шунингдек фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномаси асосида берилади;

     5) боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар. Ота ва онадан бири ёхуд ота-она вафот этган кўп болали оилалар солиқ солиш мақсадида боқувчисини йўқотган кўп болали оилалардир. Ушбу имтиёз Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси асосида берилади;

     6) Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда иштирок этганлик учун имтиёзлар оладиган фуқаролар (шу жумладан вақтинча юборилган ёки хизмат сафарига юборилган) фуқаролар. Мазкур имтиёз тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси, ногиронлиги бўлган шахснинг махсус гувоҳномаси, Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатиш иштирокчисининг гувоҳномаси, шунингдек ваколатли органлар томонидан берилган ва имтиёзлар бериш учун асос бўладиган бошқа ҳужжатлар асосида берилади;

     7) энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган турар жойларда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар — қайта тикланадиган энергия манбалари ўрнатилган ойдан эътиборан уч йил муддатга. Мазкур имтиёз энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган ҳолда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида энергия таъминоти ташкилотлари томонидан берилган маълумотнома асосида берилади.

    Ушбу моддада кўрсатилган солиқ имтиёзларига эга бўлган шахслар солиқ имтиёзларини олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларини ер участкаси жойлашган ердаги солиқ органларига мустақил равишда тақдим этади."

Демак, ер солиғидан имтиёз ёлғиз пенсионерларга берилади. Агар сиз ҳам ёлғиз пенсионер бўлсангиз ушбу имтиёздан фойдаланишиз мумкин.
Bu mavzu Sud va huquqiy maslaxatlatlar bo'limida 15 Noy, 23 da maqola yozgan. | 104 ko'rilgan